
Навоий кон металлургия капитали 4,1 млрд сўмга қисқарди
«Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ устав капиталини қисқартирди. Акциялар сони камайди, эмиссия янгиланди.

2026 йил 26 январ куни «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ устав капиталини камайтириш бўйича ўзгаришлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Рўйхатдан ўтказиш «Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги» томонидан амалга оширилди.
Қабул қилинган қарорга мувофиқ, жамият устав капитали 4 млрд 112 млн 973 минг сўмга камайтирилди. Камайтириш аввалги эмиссияга тегишли оддий акциялар сони қисқартирилиши орқали амалга оширилди. Ушбу қарор 2025 йил 30 декабр куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги орқали қабул қилинган. Қарор акциядорлар йиғилишида кворум таъминланган ҳолда маъқулланган ва корпоратив ҳужжатларда расмий акс эттирилган.
Активлар давлатга ўтди
Устав капитали камайиши жамият активларининг бир қисмини давлат балансига ўтказиш билан боғлиқ. Хусусан, «Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси» ҳамда «Шимолий кон бошқармаси» марказий физик-кимёвий лабораториясига тегишли бино ва иншоотлар давлатга топширилган.
Ушбу мулк объектлари 2025 йил 22 августдаги 34-сонли қабул-топшириш далолатномаси асосида ўтказилган. Объектлар 2025 йил 22 август ҳолатига баланс (қолдиқ) қиймати бўйича баҳоланган.
Мулк мажмуаларининг умумий баланс қиймати 4 млрд 112 млн 972 минг 913,48 сўмни ташкил этган. Мазкур сумма устав капиталидан чегирилган бўлиб, қарор бухгалтерия ва корпоратив ҳисобда бухгалтерия қайта таснифи сифатида акс эттирилган.
Олдинги эмиссия
Аввалроқ, 2025 йил август ойида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ устав капиталини 77,7 млрд сўмга оширган эди. Иккинчи эмиссия доирасида чиқарилган акциялар давлатга ўтказилган кўчмас мулк ҳисобидан жойлаштирилган.
Мазкур мулк Тошкент шаҳри Яккасарой туманида жойлашган бўлиб, аввал «НКМК жамғармаси» балансида турган. Эмиссия қарори 2025 йил 24 июнда бўлиб ўтган кузатув кенгаши йиғилишида тасдиқланган.
Ўша йиғилишда, шунингдек, молия, трансформация ва хусусийлаштириш бўйича биринчи бош директор ўринбосари алмашган. Бу ҳолат корпоратив бошқарувдаги навбатдаги тузилмавий ўзгариш сифатида баҳоланмоқда.
Г.Бозорова тайёрлади.





