Нефт бозори: Эрон билан уруш хавфи нархларни кескин оширмоқда

27.02.2026 | 22:002 daqiqa

Нефтнинг май ойи фючерсларини 3,2 фоизга кўтарилди.

Нефт бозори: Эрон билан уруш хавфи нархларни кескин оширмоқда

Жаҳон нефт бозорида кескин ҳаракат кузатилди. Лондоннинг «ICE» биржасидаги савдолар давомида «Brent» маркали нефтнинг май ойи фючерслари 3,2 фоизга ошди ва бир баррел нархи 73,1 долларга етди.

Савдо маълумотларига кўра, бу кўрсаткич Тошкент вақти билан соат 18:08 ҳолатида қайд этилган.

Сўнгги марта бундай даража 2025 йил 23 июнда кузатилган эди. Мутахассислар фикрича, бу ўсиш бозордаги қисқа муддатли эмас, балки геосиёсий омиллар билан боғлиқ чуқур хавотирларни акс эттирмоқда.

Нархлар ўсишига асосий сабаб сифатида Америка Қўшма Штатларининг Эронга зарба бериши эҳтимоли атрофидаги хавотирлар кўрсатилмоқда.

Минтақада зиддият кучайиши эҳтимоли нефт етказиб бериш занжирларига босимни оширган.

Нархларга босим омиллари

Эрон «ОПЕК» доирасида нефт қазиб олиш ҳажми бўйича тўртинчи йирик мамлакат ҳисобланади. У ерда кунига тахминан 3,2 миллион баррел нефт хом ашёси ишлаб чиқарилади. Шу сабабли минтақадаги ҳар қандай беқарорлик глобал таъминот хавфларини кучайтиради.

Бозор иштирокчилари асосий эътиборни Форс кўрфази атрофидаги геосиёсий вазиятга қаратмоқда. Агар зиддият янада кескинлашса, экспорт йўлларида узилишлар юзага келиши ва бу нархларни яна юқорига кўтариши мумкин.

Дунё бозорида мавҳумлик

«PVM» брокерлик компанияси таҳлилчиси Тамаш Варганинг таъкидлашича, бозорда ҳали ҳам кучли хавотир ҳукм сурмоқда ва айнан шу қўрқув нархларнинг кўтарилишига сабаб бўляпти.

Унинг фикрича, кейинги тенденциялар Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар ҳамда АҚШ томонидан эҳтимолий ҳарбий қарорларга боғлиқ бўлади.

Мутахассислар прогнозларига кўра, геосиёсий фон юмшамаса, нефт бозорида кескин тебранишлар давом этиши мумкин. Бу эса нафақат энергия секторини, балки инфляция ва глобал иқтисодий кутилмаларни ҳам қайта шакллантириши эҳтимолини кучайтиради.

Teglar

Mavzuga oid