Нефт нархи барқарор қолди – савдогарлар АҚШ-Эрон ядровий музокараларини кутмоқда
Икки давлат шу ой бошида янгиланган музокаралардан сўнг эртага, 16 феврал куни Женева шаҳрида иккинчи босқич учрашувни ўтказиши кутилмоқда. Музокаралар Теҳроннинг ядровий дастури бўйича ўн йиллаб давом этаётган келишмовчиликни ҳал қилиш ва янги ҳарбий тўқнашувнинг олдини олишга қаратилган.

Бугун, 16 феврал куни нефт нархи деярли ўзгаришсиз қолди, чунки инвесторлар OPEC+ томонидан кутилган қўшимча таъминот фонида АҚШ–Эрон музокараларининг бозорга таъсирини баҳоламоқда. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
«Brent» нефти фьючерслари 3 центга ошиб, бир баррел учун 67,78 долларга етди. АҚШнинг «West Texas Intermediate» (WTI) нефти эса 2 центга ошиб, баррели 62,91 доллардан сотилди. АҚШда байрам муносабати билан бугун «WTI» бўйича расмий ҳисоб-китоб (settlement) ўтказилмайди.
Ўтган ҳафта ҳар икки эталон нефт маркаси ҳафталик пасайишни қайд этди: «Brent» тахминан 0,5 фоизга тушди, «WTI» эса 1 фоизга арзонлашди. Бу пасайишга АҚШ президенти Доналд Трампнинг Вашингтон келаси ой ичида Теҳрон билан келишувга эришиши мумкинлиги ҳақидаги баёноти сабаб бўлди.
Икки давлат шу ой бошида янгиланган музокаралардан сўнг сешанба куни Женевада шаҳрида иккинчи босқич учрашувини ўтказиши кутилмоқда. Музокаралар Теҳроннинг ядровий дастури бўйича ўн йиллаб давом этаётган келишмовчиликни ҳал қилиш ва янги ҳарбий тўқнашувнинг олдини олишга қаратилган.
Эронлик дипломатнинг айтишича, Теҳрон АҚШ билан икки томонга иқтисодий фойда келтирадиган ядровий келишувга интилаётганини билдирган. Унда энергетика ва тоғ-кон соҳаларига сармоя киритиш ҳамда самолёт харидлари муҳокама қилиниши мумкин.
«IG» бозор таҳлилчиси Тони Сикаморнинг айтишича, ҳар икки томон асосий «қизил чизиқлар»ида қатъий туриши кутилмоқда, шунинг учун келишувга эришиш эҳтимоли паст. Унинг фикрича, бу «бўрон олдидан сукут» бўлиши мумкин.
Таранглик хавфи
АҚШ расмийлари «Reuters» агентлигига маълум қилишича, музокаралар муваффақиятсиз тугаса, АҚШ минтақага иккинчи авианосец юборган ва узоқ муддатли ҳарбий кампания эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда. Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси эса Эрон ҳудудига зарба берилса, АҚШнинг ҳар қандай ҳарбий базасига жавоб қайтариши мумкинлигидан огоҳлантирган.
АҚШ–Эрон таранглиги нефт нархларини ошираётган бир пайтда, Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти ва унинг иттифоқчилари OPEC+ ёзги юқори талабни қондириш мақсадида апрел ойидан бошлаб уч ойлик танаффусдан кейин нефт ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни қайта тиклашга мойил экани хабар қилинган.
Душанба куни жаҳон молия бозорларида фаоллик паст бўлиши кутилмоқда, чунки Хитой, Жанубий Корея ва Тайван мамлакатларида Ой янги йили байрами муносабати билан бозорлар ёпиқ. Шунингдек, АҚШда президентлар куни нишонланмоқда.
Ню Деҳлида жойлашган «SS WealthStreet» тадқиқот компанияси асосчиси Сугандха Сачдеванинг айтишича, Хитой талабига оид сигналлар бу ҳафта деярли кузатилмаётгани сабабли ликвидлик паст бўлиб қолмоқда ва нархлар кескин тебраниши мумкин.
«Қисқа муддатда геосиёсий ривожланишлар ва захиралар бўйича маълумотлар нархлар ўзгарувчанлигининг асосий омиллари бўлиб қолади, бу эса нефт бозорини ҳар икки томонлама кескин тебранишларга мойил ҳолда сақлаб туради», дея қўшимча қилди у.





