Logo

Нега Тошкентдаги айрим автобусларда кондиционер йўқ?

Kecha 19:202 daqiqa

«Тошшаҳартрансхизмат» автобуслардаги кондиционерлар самарасиз ишлаётгани ҳақидаги танқидларга муносабат билдирди ва бунинг асосий сабабларини тушунтирди.

Нега Тошкентдаги айрим автобусларда кондиционер йўқ? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда автобуслардаги совутиш тизими билан боғлиқ тарқалаётган мурожаатлар юзасидан расмий изоҳ берди.

Компаниянинг маълум қилишича, Тошкент йўналишларида ҳаракатланаётган автобусларнинг барчаси ҳам кондиционер билан жиҳозланмаган. Хусусан, 102 та «Mercedes-Benz» автобусининг барчаси, 272 та «MAN» автобусининг 100 таси ҳамда 201 та «SAZ LE-60» автобусининг 88 тасида салонни совутиш тизими ишлаб чиқарувчи завод томонидан жиҳозланмаган.

Қолган «Yutong» ва «King Long» русумли автобуслар ҳамда электробусларда кондиционерлар мавжуд бўлса-да, ҳозирги экстремал иссиқ ҳаво уларнинг иш самарадорлигига таъсир кўрсатмоқда.

45 даражадан юқори ҳарорат таъсир қилмоқда

«Тошшаҳартрансхизмат» таъкидлашича, Тошкент шаҳрида кузатилаётган 45 даража ва ундан юқори ҳаво ҳарорати кондиционер тизимлари учун қўшимча юклама ҳосил қилмоқда.

Бундан ташқари, автобус салонига қуёш нурларининг тўғридан-тўғри тушиши, бекатларда эшикларнинг тез-тез очилиши ва ёловчилар сонининг кўплиги ҳам совутиш тизимининг самарадорлигини пасайтиради.

Компаниянинг қайд этишича, бундай экстремал шароитда ҳатто тўлиқ техник соз кондиционерлар ҳам ўзининг лойиҳавий совутиш қувватини тўлиқ таъминлай олмаслиги мумкин.

Йўналишда 1672 та автобус хизмат кўрсатмоқда

Маълум қилинишича, айни пайтда «Тошшаҳартрансхизмат» филиаллари томонидан ҳар куни 1672 та автобус ва электробус йўналишларга чиқарилади. Улар орасида «Mercedes-Benz», «MAN», «SAZ LE-60», «Yutong» ва «King Long» русумли транспорт воситалари хизмат кўрсатмоқда.

Компания ёловчилар учун қулайликларни таъминлаш бўйича ишлар давом этаётганини билдириб, аҳолидан об-ҳаво билан боғлиқ ушбу вақтинчалик ноқулайликни тўғри тушунишни сўради.

Teglar

Mavzuga oid