Нодирбек Абдусатторов Прагадаги турнир ғолибига айланди

08.03.2026 | 06:002 daqiqa

Прага шахмат фестивалининг 2026 йилги мавсуми якунланди: дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари иштирок этган «Masters» турнирида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов бош совринни қўлга киритди.

Нодирбек Абдусатторов Прагадаги турнир ғолибига айланди

Классик вақт назорати остида ўтган ва 10 нафар маҳоратли шахматчи иштирок этган ушбу нуфузли мусобақа кескин курашларга бой бўлди. Турнирнинг катта қисмида нидерландиялик Йорден Ван Форест пешқадамлик қилди. У 3-5-турларда кетма-кет учта ғалабага эришиб, ҳатто амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуни ҳам мағлуб этган эди. Бироқ таъқибчилар, хусусан Абдусатторов унга хотиржамлик бермади, деб ёзмоқда FIDE расмий сайти.

Ҳал қилувчи бурилиш саккизинчи турда юз берди. Нидерландиялик шахматчи тенг кечаётган эндшпилда хатога йўл қўйиб, ўтган йилги ғолиб Аравинд Читабарамга имкониятни бой берди. Шу вақтда Нодирбек Абдусатторов Давид Навара устидан ғалаба қозониб, пешқадамликни ўз қўлига олди.

 

Ғалаба ва турнир жадвали

Сўнгги тур олдидан Ван Форестни ярим очкога ортда қолдираётган Абдусатторов Ҳанс Ниманн билан дуранг ўйнади ва 9 имкониятдан 6 очко жамғариб, чемпионликни нақд қилди. Унинг асосий рақиби Ван Форест эса сўнгги турда Парҳам Мақсудлуга имкониятни бой бериб, иккинчи мағлубиятини қабул қилди.

chsess 001

Натижада Мақсудлу, Аравинд ва Ван Форест 5 очко билан иккинчи ўринни бўлишиб олишди. Қўшимча кўрсаткичларга кўра, Парҳам Мақсудлу ва Аравинд Читабарам кучли учликдан жой олдилар. Нодирбек Абдусатторов турнирда бирор марта мағлубиятга учрамаган ягона иштирокчи бўлди.

 

Рейтинг ва янги ютуқлар

Ушбу ғалаба орқали Абдусатторов 2026 йилдаги иккинчи йирик совринини қўлга киритди. Бу натижа унга рейтинг учун қўшимча 9 очко тақдим этди ва 2026–2027 йилги «FIDE Circuit» пойгасидаги етакчилик мавқеини янада мустаҳкамлади.

Шунингдек, фестивал доирасидаги бошқа йўналишларда ҳам ғолиблар аниқланди. «Challengers» турнирида чехиялик Вацлав Финек, «Futures» баҳсларида эса полшалик Кая Жадковска зафар қучди.

Teglar