«Олимпик»да молиявий инқироз: Футболчилар видеомурожаат йўллади

25.02.2026 | 21:201 daqiqa

2024 йилги Париж Олимпиадаси учун тузилган «Олимпик» футбол клуби аъзолари 2025 йилнинг май ойидан буён ойлик ололмаётганини маълум қилди.

«Олимпик»да молиявий инқироз: Футболчилар видеомурожаат йўллади



2024 йилги Париж Олимпиадаси учун ташкил этилган «Олимпик» футбол клуби мураббийлари ва ўйинчилари 2025 йил май ойидан буён маош олмаётганини маълум қилди. Жамоа аъзолари бу масала юзасидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон Профессионал футбол лигасига видеомурожаат йўллади.

Клуб таркибида ўтган мавсум тўп сурган ва ҳозиргача шартнома асосида фаолият юритаётган футболчилар, шунингдек дарвозабонлар мураббийи бир неча ойлик иш ҳақи берилмаганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, умумий қарздорлик 5,5–6 ойлик маошни ташкил этади.

«Бизнинг ҳам бола-чақамиз бор»: Мураббий ва футболчилар талаби

«Ўтган йил май ойидан бери «Олимпик» жамоасида ишладик ва 5 ярим ой ойлик олмадик. Футбол федерациясига мурожаатим: илтимос, ойликларимизни ҳал қилиб беринглар. Бизнинг ҳам бола-чақамиз бор», — деди жамоа дарвозабонлар мураббийи Маъмур Икромов.

Шунингдек, бу видеомурожаатга бир қатор футболчилар ҳам қўшилиб, мазкур ҳолатни тасдиқлаб, белгиланган ойликлар берилмаганини айтган.

ЎФА муносабати: Муаммо ўрганилмоқда

Ҳозирда мазкур ҳолат Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўрганилмоқда. Ассоциация футболчилар ва мутахассислар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга ваъда берган.

Маълум қилинишича, яқин кунларда текширув натижалари бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.

Teglar

Mavzuga oid