Олий суд таркибига 10 нафар янги судья сайланди
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Олий суди таркибига 10 нафар судья ўн йиллик муддатга сайланди.
© oliy majlisСенатнинг 16-ялпи мажлисида қабул қилинган қарорга мувофиқ, Акмалжон Алижонов, Дилфуза Дадажанова, Дилфуза Жўраева, Ўткир Розиқов, Сардор Раҳматдинов, Муҳиддин Султонов, Жаҳонгир Турдимуродов, Луиза Холидова, Абдусаид Ҳожиев ва Марат Эргашев Ўзбекистон Олий судининг судьяси лавозимига ўн йиллик муддатга сайланди.
Янги судьялар фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича судларда фаолият юритган тажрибали ҳуқуқшунослар ҳисобланади. Улар орасида вилоят судлари судьялари, туманлараро судлар раислари ва маъмурий судлар вакиллари бор.
Тайинланган судьяларнинг аксарияти сўнгги йилларда Андижон, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Наманган, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги суд органларида раҳбарлик ва судьялик лавозимларида ишлаб келган.
Сайланган номзодлар орасида энг катта судьялик стажи Ўткир Розиқовга тегишли бўлиб, у 13 йиллик тажрибага эга. Шунингдек, Муҳиддин Султонов ва Марат Эргашевнинг судьялик стажи 11 йилни ташкил этади.
Акмалжон Алижонов, Дилфуза Дадажанова, Дилфуза Жўраева, Жаҳонгир Турдимуродов ва Луиза Холидова 8–9 йиллик тажрибага эга бўлса, Сардор Раҳматдинов ҳамда Абдусаид Ҳожиев 7 йиллик судьялик фаолиятини олиб борган.
Номзодларнинг барчаси олий маълумотли ҳуқуқшунослар бўлиб, суд тизимининг турли бўғинларида ишлаган. Улар фуқаролик, иқтисодий, маъмурий ва жиноят ишлари бўйича судларда тажриба тўплаган.





