add

Олтин 10 минг долларга етадими? — «Yardeni»дан узоқ муддатли прогноз

Kecha 08:562 daqiqa

«Yardeni Research» геосиёсий кескинлик, ҳарбий харажатлар ва технологиялар пойгаси фонида олтин нархи 2029 йилга бориб 10 минг долларгача чиқиши мумкинлигини маълум қилди.

Олтин 10 минг долларга етадими? — «Yardeni»дан узоқ муддатли прогноз

«Yardeni Research» таҳлилчиларига кўра, олтин нархининг ҳозирги ўсиши алоҳида омил эмас, балки кенг қамровли «геосиёсий хатар савдоси»нинг бир қисми ҳисобланади, деб ёзмоқда «Investing». Сўнгги бир йилда олтин билан бир қаторда бошқа қимматбаҳо металлар, саноат металлари ва нодир элементлар нархи ҳам кескин ошди.

«Буларнинг барчаси ўсиб бораётган геосиёсий таранглик қуролланиш пойгасини рағбатлантириши, мудофаа компанияларига эса ишлаб чиқаришни ўстириш учун металлар керак бўлаётгани учун содир бўлмоқда. Уларнинг акциялари ҳам жадал ўсмоқда», — дейилади таҳлилчиларнинг тушунтириш хатида.

Yardeni таъкидлашича, олтинга талаб энди фақат «хавфдан ҳимоя активи» сифатида эмас, балки глобал сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларга жавоб сифатида ҳам шаклланмоқда. Шу сабаб нарх динамикаси бошқа товар сегментларига ҳам тарқалган.

 

Ҳарбий ва СИ омили

Таҳлилда металлар бозорига таъсир қилаётган яна бир муҳим омил сифатида сунъий интеллект соҳасидаги геосиёсий рақобат кўрсатилган. Бу рақобат технологик секторда капитал сарфларининг ўсишига олиб келмоқда ва натижада саноат металларига бўлган талаб ортаяпти.

Бу тенденцияни АҚШ президенти Доналд Трампнинг мудофаа харажатларини кескин ошириш режаси ҳам кучайтирди. У 2027 йилгача ҳарбий бюджетни 906 млрд доллардан 1,5 трлн долларга етказишни таклиф қилди ва буни «хавфли ва нотинч даврлар» билан изоҳлади.

«Yardeni»нинг қайд этишича, АҚШнинг Венесуэла бўйича қадамлари, Гренландияда ҳарбий базалар масаласидаги музокаралар ва Эрон атрофида ҳарбий фаолликнинг ошиши металлар бозоридаги ўсишни янада тезлаштирган.

 

Узоқ муддатли прогноз

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, олтин, кумуш, платина, палладий ва қалай нархлари йил бошидан буён S&P GSCI товар индексига нисбатан тезроқ ўсган. Шу билан бирга, саноат металларига боғлиқ ETFлар ҳам юқори динамикани сақлаб қолмоқда.

«Yardeni», шунингдек, ривожланаётган бозорлар ETFлари хомашё нархлари билан кучли корреляция намоён қилаётганини қайд этган ва 2025 йил охиридан бу сегментга «овервайт» тавсиясини берган.

Компания узоқ муддатли олтин прогнозига содиқ қолмоқда: таҳлилга кўра, олтин нархи 2026 йил охиригача 6 минг долларга, 2029 йил охирига келиб эса 10 минг долларга етиши мумкин. Бу прогноз геосиёсий хавфлар сақланиб қолиши ва хомашё бозорларидаги босим давом этишига асосланган.

Teglar

Mavzuga oid