
Олтин нархи 2026 йил охиригача 4800 долларга етиши мумкин
«Morgan Stanley» прогнозига кўра, 2026 йил тўртинчи чорагигача олтин нархи 4800 долларга етиши мумкин, бу инвесторларнинг ҳимоя активларига қизиқиши ошганини кўрсатади.

«Reuters» агентлиги «Morgan Stanley» таҳлилчиларига асосланиб, олтин нархи 2026 йил тўртинчи чорагига бориб бир троя унцияси учун 4800 долларга етиши мумкинлигини маълум қилди. Бу прогноз 5 январдаги савдолар ёпилишига нисбатан яна қарийб 8 фоиз ўсишни англатади. Банкнинг баҳолашича, қимматбаҳо металлга бўлган қизиқиш ўрта муддатда ҳам сақланиб қолади.
Прогнознинг асосий омиллари сифатида АҚШда фоиз ставкаларининг пасайиши, Федерал захира тизими раҳбариятида кутилган ўзгаришлар, шунингдек, марказий банклар ва йирик инвестиция фондларининг олтин харидларини кўрсатиш мумкин. Паст ставкалар шароитида фоиз даромади келтирмайдиган актив сифатида олтиннинг рақобатбардошлиги ошади.
Таҳлилчиларга кўра, геосиёсий хавфлар ҳам талабни қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, АҚШнинг Венесуэладаги ҳарбий операцияси ва мамлакат президенти Николас Мадуронинг ҳибсга олиниши бозордаги ноаниқликни кучайтирди. «Morgan Stanley» бу омилни асосий сабаб сифатида алоҳида ажратмаса-да, олтинга ҳимоя активи сифатида қизиқишни ошириши мумкинлигини истисно этмайди.
Айни пайтда олтиннинг тарихий рекорди 4549,92 доллар бўлиб, у 26 декабр куни қайд этилган. Кейинчалик нарх бироз пасайиб, 6 январь ҳолатига кўра 4467,73 доллар атрофида шаклланди. 2025 йил якунларига кўра эса олтин 64 фоизга қимматлашиб, 1979 йилдан бери энг юқори йиллик ўсишни кўрсатди.
Қимматбаҳо металлар орасида «Morgan Stanley» алюминий ва мисни ҳам истиқболли деб ҳисобламоқда. Бу металлар бўйича таклифдаги чекловлар ва глобал талабнинг ўсиши нархларга қўшимча босим ўтказиши мумкин. Шу боис, 2026 йилда хомашё бозорларида юқори ўзгарувчанлик сақланиб қолиши кутилмоқда.
Аввалроқ 2030 йилгача Ўзбекистонда олтин ишлаб чиқариш 175 тоннага етказилиши ҳақида хабар берган эдик.


