add

Олтиннинг бир унцияси 5 минг доллардан ошди

26.01.2026 | 09:382 daqiqa

Жаҳон бозорларида геосиёсий хавотирлар кучайган бир пайтда олтин қиймати кескин ошиб, инвесторлар эътибори яна хавфсиз активларга қаратилди.

Олтиннинг бир унцияси 5 минг доллардан ошди

Жаҳон молия бозорларида олтин нархи илк бор бир унция учун 5 минг доллар чегарасидан ошди. Қимматбаҳо металл 2025 йил давомида 60 фоиздан ортиқ қимматлаб, сўнгги ўн йилликдаги энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Мутахассислар бу жараённи глобал беқарорлик ва инвесторлар хавфдан қочиш стратегияси билан изоҳламоқда.

Нархлар ўсиши халқаро сиёсий вазиятдаги кескинлик билан ҳам боғлиқ. АҚШ ва НАТО ўртасида Гренландия масаласи атрофидаги тортишувлар, шунингдек, молиявий бозорлардаги ноаниқлик инвесторлар ишончини сусайтирмоқда. АҚШ президенти Доналд Трампнинг савдо сиёсати ҳам бозорларга босим ўтказмоқда. У 24 январ куни Канада Хитой билан савдо келишуви тузса, 100 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилган.

Олтин — хавфсиз актив

Олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар одатда хавфсиз актив сифатида қабул қилинади. Бозорда ноаниқлик ортган даврларда сармоядорлар айнан шундай активларни танлайди. 23 январ куни кумуш нархи ҳам илк бор бир унсия учун 100 доллардан ошди. Бу 2025 йилда деярли 150 фоизлик ўсишдан кейинги навбатдаги сакраш сифатида қайд этилди.

Қимматбаҳо металларга талаб ошишига инфляция даражасининг юқорилиги, АҚШ долларининг заифлашуви, марказий банклар томонидан олтин харидининг кўпайиши ва АҚШ Федерал захира тизими фоиз ставкаларини пасайтириши кутилётгани таъсир қилмоқда.

Захиралар ва истиқбол

Олтиннинг жозибадорлиги унинг камёблиги билан ҳам боғлиқ. Жаҳон олтин кенгаши маълумотларига кўра, ҳозиргача тахминан 216 минг тоннадан ортиқ олтин қазиб олинган.

АҚШ Геология хизмати ҳисоб-китобларига кўра, ер остида яна 64 минг тонна атрофида олтин захираси мавжуд. Бироқ яқин йилларда етказиб бериш занжирларида узилишлар юзага келиши мумкин. «ABC Refinery» компаниясининг институционал бозорлар бўйича раҳбари Николас Фраппеллнинг таъкидлашича, олтин бошқа активлардан фарқли равишда ҳеч кимнинг қарзига боғлиқ эмас ва мустақил қийматни сақлаб қолади.

Teglar

Mavzuga oid