add

«Ўққувур», «дубулға», «жамлоқ»: Ўзбекистон армиясида айрим русча иборалар ўзбек тилига ўгирилди

Kecha 14:102 daqiqa

Ўзбекистон мудофаа соҳасида русча ҳарбий атамалардан босқичма-босқич воз кечиб, улар ўрнига ўзбекча миллий терминларни жорий этишни бошлади.

«Ўққувур», «дубулға», «жамлоқ»: Ўзбекистон армиясида айрим русча иборалар ўзбек тилига ўгирилди

Ўзбекистон давлат тилининг қўлланиш доирасини кенгайтириш ва ҳарбий терминологияни миллий меъёрлар асосида стандартлаштириш йўлида навбатдаги қадам ташлади. Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Тил, адабиёт ва халқ ижоди институти мутахассислари иштирокида ўтган Терминология комиссияси йиғилишида мудофаа соҳасида ишлатилаётган русча атамаларга миллий муқобиллар тақдим этилди.

Комиссияга илк босқичда 41 та муҳим ҳарбий термин киритилган рўйхат тақдим қилинди. Мутахассислар ҳарбий тилни замонавий ўзбек тили меъёрларига мослаштириш устида иш олиб борган. Таклиф этилаётган атамалар орасида ҳам қадимий туркий илдизга эга сўзлар, ҳам янги ўзбекча яратмалар мавжуд.

Мавжуд (русчаси)

Ўзбекчага ўгирилгани

Атака

Hamla

Каска

Dubulgʻa

Блокпост

Toʻsiqpost

Запал

Chaqnatkich

Диверсия

Qoʻporuvchilik

Газ маскаси

Gazniqob

Полигон

Dala oʻquv maydoni

Бронежилет

zirhnimcha

 

 

Рўйхатда тарихий меросга мурожаат ҳам алоҳида ўрин тутган. Масалан, қўриқлаш ва патрул вазифалари учун «эровул», ҳарбий бош кийим (фуражка) учун «бўрк», мустаҳкамланган иншоотлар учун «истеҳком» атамаларини қайта жорий этиш назарда тутилган. Шунингдек, русча «ДОТ» қисқартмаси ўрнига «УММОН» — «узоқ муддатга мўлжалланган отиш нуқтаси» иборасини ишлатиш режалаштирилмоқда.

Атамалар ичида «горн» — «бурғу», «кокарда» — «жиға», «окоп» — «ҳандақ», «лагер» — «жамлоқ», «планшет» — «ёнчиқ», «трибунал» — «ҳарбий маҳкама», «эмлема» — «тануқ», «шеврон» — «уқа», «тревога» — «бонг», «ствол» — «ўққувур» кабилари ҳам бор.

Терминология комиссияси бу рўйхат ҳали дастлабки ишланма эканини таъкидлаб, жараён очиқ олиб борилишини билдирди. Фуқаролар, ҳарбий мутахассислар ва тилшунослар миллий ҳарбий терминологияни шакллантиришда ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришга чорланди.

Мутахассислар бу ташаббус 2026–2030 йилларга мўлжалланган миллий ривожланиш стратегияси доирасида миллий ўзликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини, шунингдек, армияда таълим ва бошқарув жараёнларини янада тушунарли қилишини қайд этмоқда.

 

Teglar

Mavzuga oid