add

Ўтин, ғўзапоя ва кўмир инфляцияга кирди: статистикада нималар ўзгарди?

2026 йилдан инфляция ҳисоблаш кўрсаткичлари ўзгарди, бироқ статистикада ҳали ҳам кам қамровли ёки кенг тарқалган бўлса-да ҳисобга олинмайдиган хизматлар сақланиб қолмоқда.

Ўтин, ғўзапоя ва кўмир инфляцияга кирди: статистикада нималар ўзгарди?

Аҳоли орасида энг кўп савол туғдирадиган статистик кўрсаткичлардан бири — инфляция. Кўпчилик «Нархлар ошиб кетяпти, лекин нега инфляция паст кўрсатилаяпти?» ёки «Бозордаги қимматлашув нега статистикада акс этмаяпти?» деган саволларни тез-тез кўтаради.

Бундан ташқари, кундалик ҳаётда деярли ишлатилмайдиган ёки жуда кам қўлланиладиган айрим товар ва хизматларнинг инфляция ҳисоб-китобига киритилиши иқтисодчилар томонидан ҳам танқид қилиб келинган.

Шу сабабли, 2026 йилдан бошлаб Статистика қўмитаси инфляцияни ҳисоблаш тизимига қатор янгиланишлар киритди.

Товар ва хизматлар рўйхати кенгайтирилди

Энди инфляция 510 та эмас, 517 та товар ва хизмат асосида ҳисобланади. Илгари кескин қимматлашган, ҳатто айрим ҳолларда 80 баробаргача ошган хизматлар инфляция ҳисобида акс этмаган. Янги тартибга кўра, бундай хизматлар ҳам статистика доирасига киритилмоқда.

Хусусан, нодавлат мактабларда таълим олиш, стриминг хизматлари, автомобил ижараси, алоқа ва ахборот соҳасидаги хизматлар (мессенжерлар ва сунъий интеллект хизматлари учун пуллик обуналар), электр самокатлар ижараси, электромобиллар учун электр энергияси, ишлатилган автомобилларни сотиб олиш, аквапарк хизматлари, асосий давлат хизматлари учун тўловлар ҳамда ёғоч ёқилғиси — ўтин ва ғўзапоя инфляция саватига қўшилди.

Шу ўринда иқтисодчи Отaбек Бакиров инфляция ҳисоб-китобига ўтин, ғўзапоя ва кўмир киритилганини ижобий баҳолади. Унинг таъкидлашича, мамлакатда газлаштирилмаган ҳудудлар ҳали ҳам кўп ва бу масала йиллар давомида кўтариб келинган.

«Газ йўқ жойларда одамлар нима ёқади? Ўтин ёқади, ғўзапоя ёқади, кўмир ёқади. Лекин шу пайтгача ўтин, ғўзапоя ва кўмирнинг нархи инфляция ҳисобида умуман инобатга олинмаган. Ҳолбуки, ҳозир кўмир нархи 2300 сўмгача чиқиб кетгани, бир боғ ғўзапоя эса 300–500 сўм бўлаётгани ҳақида гапиряпмиз. Газлашмаган ҳудудларда айрим уй хўжаликларида харажатларнинг 50 фоиздан кўпроғи айнан уйни иситишга кетади», — дейди иқтисодчи.

Унинг фикрича, уйларнинг бир ёки икки хонасини «печка» орқали иситиш билан боғлиқ харажатлар статистикада акс этмаган экан, инфляция кўрсаткичлари доим савол остида қолаверади. Шу боис 2026 йил январидан бошлаб ғўзапоя, ўтин ва бозордаги кўмир нархларининг инфляция ҳисоб-китобига киритилиши реал вазиятни тўғрироқ акс эттиради.

Айрим позициялар алоҳида ҳисобланади

Нарх ўзгаришларини аниқроқ акс эттириш мақсадида бензин (АИ-92, АИ-95, АИ-98 ва АИ-100 маркалари бўйича) ҳамда тошкўмир (тартибга солинадиган ва бозор нархлари бўйича) алоҳида ажратиб кўрсатилди.

Шунингдек, ҳайдовчиларни тайёрлаш билан боғлиқ хизматлар рўйхати ҳам кенгайтирилиб, автомобиль бошқариш дарслари, ҳайдовчилик бўйича имтиҳон топшириш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш хизматлари инфляция ҳисобида алоҳида позиция сифатида киритилди.

Эски ва кам қўлланиладиган хизматлар масаласи

Инфляция саватида айрим эскирган ёки кам қўлланиладиган хизматлар ҳали ҳам сақланиб қолган. Масалан, троллейбус қатнови фақат Хива ва Урганч ҳудудларида мавжуд бўлса-да, у инфляция ҳисобида инобатга олинади. Бироқ миллионлаб автомобил олди-сотдиси жараёнида одамлар тўлайдиган қиммат хизматлар илгари ҳисобга олинмаган. Бу ҳолат ҳам қайта кўриб чиқилиши зарур.

«Аввал иқтисод…» дастурида ҳам Отaбек Бакиров статистикадаги ўзгаришларни ижобий баҳолаб, инфляция кўрсаткичлари ҳар йили қайта кўриб чиқилиши кераклигини таъкидлади:

«Ўзгаришлар бошланганидан хурсандман. Инфляция ҳисоб-китоблари йил давомида эмас, балки ҳар йили қайта кўриб чиқилиши керак. Чунки вақт ўтиши билан айрим хизматларнинг аҳамияти ва улуши камаяди, бошқалариники эса ортади. Шунинг учун бундай янгиланишлар мақбул», — дейди у.

 

 

Нархларни кузатиш даври узайтирилди

Аввал инфляция ҳисобида нархлар фақат ойнинг 10–20 саналарида кузатилар ва натижалар 31 куни эълон қилинар эди. Бу эса ойнинг 1–10 кунлари ҳамда 20 санадан кейинги нарх ўзгаришларининг статистикадан четда қолишига олиб келарди.

Масалан, гўшт нархи кўпинча ойнинг 20 санасидан кейин ошиб кетади. Ёки охирги кунларда гуруч нархининг ошишини олайлик — эски методологияда бу ўзгаришлар статистикада акс этмас эди. Пропан нархининг ой бошида кескин ошиши ҳам худди шундай «кўздан қочиб кетган».

Янги тартибга кўра, нархлар ойнинг 1 санасидан 25 санасигача кузатилади. Шу боис инфляция кўрсаткичлари энди ой охирида эмас, кейинги ойнинг 5 санасида эълон қилинади. Бу статистика маълумотларининг қамровини кенгайтиради, шаффофликни ва ишончни оширади ҳамда инфляцияни реал ҳаётга яқинлаштиради.

Отaбек Бакиров фикрича, келгусида инфляцияни баҳолаш тизими янада такомиллаштирилиши лозим:

«Идеал ҳолатда инфляцияни ҳафталик кузатув ва ҳафталик баҳолаш тизимига ўтиш керак. Чунки одамлар ҳам нарх ўзгаришини ҳафтасига бир марта ҳис қилади. Бежиз «бозорлик» деган тушунча йўқ — кўпчилик уй хўжаликлари ҳафтасига бир марта бозорга чиқади», — дейди у.

Маълумотлар манбалари кенгайтирилган

Янги методологияга кўра, инфляцияни ҳисоблашда энди нархлар фақат бозор ва дўконлардан эмас, балки бир нечта манбалар орқали кузатилади.

Хусусан, нархлар:

  • дўкон ва савдо шохобчаларида жойига бориб, махсус электрон қурилмалар орқали қайд этилади;

  • солиқ органлари орқали онлайн-кассалардан тушаётган чек маълумотлари асосида таҳлил қилинади;

  • хизмат кўрсатувчи компаниялар ва савдо тармоқларидан махсус электрон тизим орқали олинади;

  • турли интернет сайтлари ва онлайн савдо платформаларидан автоматик тарзда йиғилади;

  • айрим ҳолларда эса телефон орқали ўтказилган сўровлар билан тўлдирилади.

Хулоса қилганда, 2026 йилдан бошлаб инфляция ҳисоблаш тизимига киритилган ўзгаришлар аҳолида узоқ йиллардан буён туғилган савол ва шубҳаларга жавоб бўла бошлади. Шу билан бирга, кўрсаткичларда ҳали ҳам баъзи кам қамровли ёҳуд кенг тарқалган бўлса-да инобатга олинмайдиган хизматлар мавжуд. Шу сабабли инфляция савати ҳар йили қайта кўриб чиқилиши лозим. Фақат шунда аҳолига аниқ, шаффоф ва ишончли маълумот етказиш мумкин.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 48

Barchasi

Mavzuga oid