add

Ўзбекистон 2030 йилгача экспорт ҳажмини 67 млрд долларга етказади

05.01.2026 | 14:552 daqiqa

Ўзбекистон ташқи савдода тайёр маҳсулотлар улушини ошириш орқали экспортни кескин кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон 2030 йилгача экспорт ҳажмини 67 млрд долларга етказади

Ўзбекистон 2030 йилга келиб экспорт ҳажмини 67 миллиард долларга етказишни мақсад қилмоқда. Бу режалар жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланиб, 2026–2030 йилларда ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини қамраб олади.

Стратегияга мувофиқ, экспорт ҳажми босқичма-босқич ошириб борилади. Хусусан, 2026 йилда экспорт 40 миллиард доллар даражасида бўлиши кутилмоқда. 2027 йилда кўрсаткич 45 миллиард долларга, 2028 йилда 52 миллиард долларга, 2029 йилда 60 миллиард долларга етиши, 2030 йил охирига келиб эса 67 миллиард долларга чиқиши режалаштирилган.

Экспорт салоҳиятини оширишда экспорт билан шуғулланувчи корхоналар сонини кўпайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. 2026 йилда 7,7 мингта бўлган экспортёр корхоналар сони 2027 йилда 9,1 мингтага, 2028 йилда 10,8 мингтага, 2029 йилда 12,8 мингтага етади. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткич 15 мингтага чиқиши кутилмоқда.

Стратегияда тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар экспортини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган. 2026 йилда экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 55 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич 2027 йилда 58 фоизга, 2028 йилда 62 фоизга, 2029 йилда 66 фоизга ва 2030 йилга келиб 70 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Айниқса, GSP+ тизими ва бошқа имтиёзли савдо режимлари доирасида ўзбек тайёр ва технологик маҳсулотларини Европа бозорларига олиб чиқишга катта урғу берилмоқда. Бу экспорт географиясини кенгайтириш ва қўшимча қиймат яратадиган маҳсулотлар улушини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, халқаро стандартларни жорий этган корхоналар сони ҳам изчил кўпайиб боради. 2026 йилда бундай корхоналар 3 мингтани ташкил этса, 2030 йилга келиб уларнинг сони 5 мингтага етади. «Янги Ўзбекистон — рақобатбардош маҳсулотлар мамлакати» концепцияси доирасида эса миллий брендларни хорижий бозорларда қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 26 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва халққа йўллаган Мурожаатномасида ЯИМ ҳажми 2030 йилгача 240 млрд доллардан оширилишини таъкидлаганди.

Teglar

Mavzuga oid