Ўзбекистон Афғонистоннинг нефт ва газ конида геология-қидирув ишларини бошлади

«Uzbek Overseas Geology Company» углеводород ресурслари, шунингдек, темир ва мис конларини қидириш учун лицензия олди.

Ўзбекистон Афғонистоннинг нефт ва газ конида геология-қидирув ишларини бошлади

Ўзбекистон Афғонистондаги учта нефт ва газ конида геология-қидирув ишларини бошлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Лойиҳа доирасида «Uzbek Overseas Geology Company» Афғонистон ҳудудида қидирув ишларини амалга оширмоқда. Хусусан, Муҳаммад-Жондогар, Шамар ва Аҳмадобод блокларида углеводород ресурслари, шунингдек темир ва мис конларини аниқлаш бўйича тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Қидирув ишларига Балх вилояти ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мавлавий Нурул Ҳодий Абу Идрис ва компания бош директори Ҳайитбой Омонов иштирокида расман старт берилди. Компания Афғонистон томони билан ўтказилган музокаралар якунлари бўйича тегишли лицензияни қўлга киритган.

Ҳамкорлик битими

Мазкур лойиҳа Афғонистон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда Тоғ-кон саноати ва нефт вазирлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик битими асосида амалга оширилмоқда. Томонлар геология ва кончилик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканини билдирган.

Маълумотларга кўра, «Uzbek Overseas Geology Company» 2025 йил феврал ойида рўйхатдан ўтган. Компаниянинг устав фонди 12,97 млрд сўмни ташкил этади. У «бошқа тоифаларга киритилмаган тоғ-кон саноати фаолияти» йўналишида иш юритади. Таъсисчилари — «Ўзбекгеологияқидирув» ва «Ўзбекгеофизика» бўлиб, ҳар бири 50 фоиз улушга эга.

Teglar

Mavzuga oid