add

Ўзбекистон аҳолиси бир йилда қарийб 700 минг кишига кўпайди

Kecha 18:251 daqiqa

2025 йил якунларига кўра, мамлакатда аҳоли сонининг ортиши табиий ўсиш, яъни туғилишлар ҳисобидан бўлгани маълум қилинди.

Ўзбекистон аҳолиси бир йилда қарийб 700 минг кишига кўпайди

2026 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасининг доимий аҳолиси сони 38 млн 236,7 минг кишини ташкил этди, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 693,5 минг кишига ёки 1,8 фоизга кўпдир.

Аҳолининг кўпайиш кўрсаткичлари

2025 йил январ–декабр ойларида мамлакатда 879,6 минг нафар чақалоқ дунёга келган. Шу даврда 177,1 минг нафар киши вафот этган. Натижада табиий ўсиш 702,5 минг кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич аҳоли ўсишида асосий омил сифатида баҳоланмоқда.

Миграция ва оилавий ҳолат

Ҳисобот даврида хорижий давлатлардан Ўзбекистонга 1 159 киши кўчиб келган. Шу билан бирга, мамлакатдан хорижга кўчиб кетганлар сони 10 117 нафарни ташкил этган. Шунингдек, 2025 йил давомида 267,1 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 46,9 мингта никоҳдан ажралиш ҳолати расман рўйхатга олинган.

Шаҳар ва қишлоқ аҳолиси

Доимий яшаш ҳудудлари кесимида қаралганда, аҳолининг 19 млн 471,7 минг нафари шаҳар жойларда истиқомат қилади. Бу умумий аҳоли сонининг 50,9 фоизини ташкил этади. Қишлоқ жойларда эса 18 млн 765,0 минг киши ёки аҳолининг 49,1 фоизи яшайди. Шу билан шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасидаги нисбат деярли тенг даражада сақланиб қолган.

rasm

Гендер таркиби ва зичлик

2026 йил 1 январь ҳолатига мамлакатда 18 млн 979,0 минг нафар аёл (49,6 фоиз) ва 19 млн 257,7 минг нафар эркак (50,4 фоиз) истиқомат қилмоқда. Шунингдек, аҳоли зичлиги ҳар бир квадрат километрга ўртача 85,2 кишини ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,6 кишига ошган.

Teglar

Mavzuga oid