Ўзбекистон BRICSʼнинг ҳамкор давлатига айланди
07.07.2025 | 14:304 daqiqa
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган BRICSʼнинг 17-саммитида Ўзбекистон расман BRICSʼнинг ҳамкор давлатларидан бири сифатида қабул қилинди. Бу ҳақда саммит баёнотида эълон қилинди.

2025 йил 6 июл куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БРИКСнинг 17-юқори даражадаги саммити бўлиб ўтди. Унда Индонезия расман BRICSʼнинг янги аъзоси сифатида қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларус, Боливия, Куба, Нигерия, Малайзия, Таиланд, Виетнам ва Уганда каби 10 та давлат BRICSʼнинг ҳамкор давлатлари сифатида тан олинди.
Саммит баёнотида ушбу давлатларнинг БРИКС билан ҳамкорликни кенгайтириши ва ташкилот глобал майдонда таъсирини кучайтириши таъкидланди. Ўзбекистон томони бу ҳақда ҳозирча расмий изоҳ бермаган.
БРИКС саммити доирасида «Тинчлик ва хавфсизлик ҳамда глобал бошқарув ислоҳоти» мавзусида сессия ўтказилди. Унда Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди глобал институтларни, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши, Жаҳон Савдо Ташкилоти ва халқаро молия ташкилотларини ислоҳ қилиш зарурлигини қайд этди.
Моди сўзларига кўра, BRICSʼнинг кенгайиши ташкилотнинг замон талабларига мослашиш қобилиятини намоён этмоқда. У XXI асрда глобал тизимни XX асрнинг ёндашувлари билан бошқариб бўлмаслигини таъкидлади.
Саммит якунида BRICS етакчилари «Иқлим молиялаштириш» декларацияси, «Сунъий интеллект глобал бошқаруви» тўғрисидаги баёнот ва ижтимоий сабабларга боғлиқ касалликларни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик ташаббусини қабул қилди. BRICS баёнотида ушбу қарорлар ташкилотнинг барқарор ва инклюзив ечимлар яратишга бўлган интилишини акс эттириши таъкидланган.
BRICS 2009 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган бўлиб, кейинчалик Жанубий Африка аъзо сифатида қўшилган. Бугунги кунда BRICS тузилмасига Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Индонезия ҳам расман аъзо бўлган. Ташкилот ҳозирги ҳолатда дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғини қамраб олган йирик платформа ҳисобланади.





