Ўзбекистон миллий армиясида кибертузилмалар ва роботлашган техникалар қўлланилади
Олий Бош Қўмондон ҳарбий қисмдаги шароитларни кўздан кечирди.
© Foto: president.uzЎзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳарбий қисмда ҳам бўлди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
«Мамлакат мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қўшинларнинг жанговар салоҳияти ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада юксалтиришда муҳим омилга айланмоқда. Мазкур қисмда ҳам ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув бинолари, ошхона, ётоқхона, маънавият ва маърифат хоналари, спорт шаҳарчаси энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган», - дейилади хабарда.
Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Олий Бош Қўмондон томонидан қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш вазифаси қўйилган эди.
Бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда, миллий армия замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланмоқда.
Давлат раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, шу жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирди.
Миллий армияни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизликка мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.
Қуролли Кучларнинг салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг шайлигини юксалтириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини изчил давом эттириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.





