
Ўзбекистон Нипаҳ вируси сабаб Ҳиндистондан аксар товарлар импортини тўхтатди
Товарлар импортига вақтинча чеклов 2026 йил 29 январдан эътиборан кучга киради.

Нипаҳ вирусининг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш мақсадида Ҳиндистоннинг барча ҳудудларидан тирик ҳайвонлар ва қушларни олиб киришга, шунингдек ушбу давлатнинг Ғарбий Бенгалия штатидан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги барча турдаги товарлар импортига вақтинча чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангириев маълум қилди.
Қайд этилишича, товарлар импортига вақтинча чеклов 2026 йил 29 январдан эътиборан кучга киради.
«Чеклов Нипаҳ вирусининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида ўрнатилди», - дейилади хабарда.
Халқаро ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти (WOAH) хамда очиқ манбаларда эълон килинган маълумотларга кўра, Ҳиндистон Республикасининг Ғарбий Бенгалия штатида Нипах вирусининг тарқaлиши билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият юзага келган.
Вакцина
Аввалроқ, Нипаҳ вирусига қарши вакцина ишлаб чиқилгани ва у бўйича илк клиник синовлар Белгияда бошланиши ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ҳам мазкур вирус сабаб Ҳиндистондан ҳайвон импортини тўхтатган.
Ўзбекистонликларга тавсиялар
Санепидқўмитага кўра, ушбу касалликни Ўзбекистонга кириб келиш эҳтимол жуда паст бўлсада Ҳиндистонга боришга чоғланган фуқароларга мазкур вирусдан сақланиш учун қуйидаги тавсияларга амал қилиш муҳим.
• шахсий гигиена қоидаларига риоя этиш;
• қўлларни совун билан яхшилаб ювиш;
• антисептик воситалардан фойдаланиш;
• мевалар ва сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал ювиш;
• текширилмаган сувни ичмаслик.
• асосийси кўршапалаклар тирнаши ёки тишлаши натижасида тешилган меваларни истеъмол қилмаслик.
Агар юқори ҳарорат, кучли бош оғриғи, қўнғироқ ёки бошқа касаллик белгилари пайдо бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиш керак.
Нипаҳ вируси нима?
Нипаҳ зооноз касаллик бўлиб ҳайвонлардан инсонга юқади масалан, кўршапалаклардан. Шунингдек, зарарланган озиқ-овқат орқали ва одамдан-одамга юқиши ҳам мумкин.
Нипаҳ вируси – бош мия яллиғланиши ёки нафас йўллари касалликлари билан кечадиган жиддий касалликни келтириб чиқарадиган вирус тури ҳисобланади.
Сўнгги йилларда НИПАҲ вируси эпидемиялари мунтазам равишда Ҳиндистонда кузатилмоқда, шу билан бирга инсон касаллиги ҳолатлари Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатларида ҳам рўйхатга олинади.
Қачон аниқланган?
Илк бор 1999 йилда Малайзиядаги Нипаҳ дарёси атрофида яшовчи чўчқа етиштирувчи фермерлар орасида Нипаҳ вируси тарқалган. Ўшандан буён Жанубий Осиёда бу касалликнинг яна 12 марта авж олиши кузатилди. 2018 йилда Ҳиндистоннинг Керала штатида Нипаҳ вируси тарқалиб, 17 киши ҳалок бўлган эди. 2021 йил сентябрда айнан шу штатда яна бир марта эпидемия қайд этилди, оқибатда 12 ёшли бола вафот этди ва 11 кишида инфекция белгилари аниқланди. 2023 йил сентабрда Ҳиндистонда вируснинг навбатдаги тарқалиши оқибатида яна икки киши ҳаётдан кўз юмди.





