Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари учрашув ўтказди

18.02.2026 | 21:401 daqiqa

Учрашув уч давлат чегаралари туташган нуқта — «Дўстлик» стеласи ёнида бўлиб ўтди.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари учрашув ўтказди

15 феврал куни Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегара вакилларининг уч томонлама ишчи учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Давлат чегара хизматига таяниб, «24.kg» нашри хабар берди.

Таъкидланишича, учрашув ишонч чораларини мустаҳкамлаш, барқарор тезкор вазиятни таъминлаш ва давлат чегараси режимини сақлаб туриш мақсадида ташкил этилган.

Тадбир уч давлат чегаралари туташган нуқтада, «Дўстлик» стеласи ёнида бўлиб ўтган.

«Музокаралар давомида томонлар чегараолди ҳамкорлигининг долзарб масалаларини, чегара вакиллари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқа механизмларини такомиллаштиришни, шунингдек, давлат чегараси чизиғида кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришни кўриб чиқишди», — дея таъкидланган Давлат чегара хизмати хабарида.

Аниқлик киритилишича, қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилган:

• Чегараолди минтақасидаги муҳандислик, хўжалик ва баҳорги дала ишлари вақтида ҳамкорлик қилиш тартибига;

• Юзага келиши мумкин бўлган баҳсли вазиятларга тезкор жавоб қайтариш ва уларни ҳал қилиш алгоритмига.

Шунингдек, томонлар «Дўстлик» стеласи атрофидаги ҳудудни ободонлаштириш, жумладан, кириш йўлларини қуриш ва кўкаламзорлаштириш масалаларини муҳокама қилишган.

Teglar

Mavzuga oid