Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ҳажми 9 ойда 774 трлн сўмдан ошди

23.10.2025 | 15:002 daqiqa

2025 йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакатда 773,8 трлн сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилга нисбатан 6,8 фоиз кўп.

Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ҳажми 9 ойда 774 трлн сўмдан ошди

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг 1 октябри ҳолатига республикада 57,8 мингта саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Улар орасида энг катта улуш озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига тўғри келади — 11,5 минг корхона ёки умумий сонинг 20 фоизи. Шунингдек, нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш (14,1 фоизи), кийим тикиш (9,9 фоиз), тайёр металл буюмлар (8,1 фоиз) ва мебел ишлаб чиқариш (6,9 фоиз) соҳалари ҳам юқори фаолият кўрсатмоқда.

Йилнинг дастлабки тўққиз ойида мамлакат саноат корхоналари томонидан 773,8 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,8 фоизга юқори натижадир. Энг катта ҳажм Тошкент шаҳрида қайд этилди — 148,8 трлн сўм. Шу билан бирга, Навоий (137,3 трлн), Тошкент вилояти (118,6 трлн) ва Андижон вилояти (73,3 трлн сўм) саноат салоҳияти бўйича етакчилардан ҳисобланади.

Аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичи 20,5 млн сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич Навоий вилоятида 124,6 млн, Тошкент шаҳрида 47,4 млн ва Тошкент вилоятида 37,9 млн сўмга етган. Жиззах, Хоразм ва Навоий вилоятларида ўсиш республика ўртачасидан юқори бўлди.

Саноат ишлаб чиқариш таркибида ишлаб чиқариш саноати етакчилик қилмоқда — 661,7 трлн сўм ёки жами улушнинг 85,5 фоизи. Тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш — 56,9 трлн сўм (7,3 фоиз), электр, газ ва буғ билан таъминлаш — 50,8 трлн сўм (6,6 фоиз), сув таъминоти ва чиқиндиларни утилизация қилиш эса 4,4 трлн сўмни ташкил этди.

Экспертлар фикрича, саноатдаги ўсиш асосан ички бозордаги талаб, экспорт ҳажмининг ошиши ва янги қувватларни ишга тушириш билан изоҳланади.

Teglar

Mavzuga oid