
Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасида «сакраш» қилди
Ўзбекистон глобал сунъий интеллект рейтингида икки йил ичида 25 ўринга юқорилагани маълум қилинди.

Ўзбекистон сунъий интеллект соҳасидаги тайёргарлик даражасини акс эттирувчи AI Readiness Index рейтингда барқарор ўсишни намойиш этди. Бу ҳақда «Oxford Insights» халқаро таҳлил маркази эълон қилган сўнгги натижаларда маълум бўлди.
Унга кўра, Ўзбекистон 2023 йилда рейтингда 87-ўринда бўлган. 2024 йилда мамлакат ўз позициясини сезиларли яхшилаб, 70-ўринга кўтарилган. 2025 йил натижаларига кўра эса яна 8 поғона юқорилаб, 62-ўринни эгаллаган. Шу тариқа, икки йил ичида Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёргарлик индексида жами 25 поғонага юқорилаган.

AI Readiness Index давлатларнинг сунъий интеллект технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва улардан амалда фойдаланишга қанчалик тайёр эканини баҳолайди. Индекс давлат бошқаруви самарадорлиги, рақамли ва технологик инфратузилма, инсон капитали, маълумотлар билан ишлаш сиёсати ҳамда инновацион муҳит каби йўналишларни қамраб олади.





