«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ'нинг соф фойдаси 2 баробарга ошди

Bugun 13:552 daqiqa

1 февралдан юқори тезликда ҳаракатланувчи ва узоқ масофага хизмат кўрсатувчи «Афросиёб» электропоезди ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» йўловчи поездлари учун чипта нархи ўртача 15 фоизга оширилган эди.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ'нинг соф фойдаси 2 баробарга ошди © vaqt.uz

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти 2026 йил биринчи чорак якунлари бўйича молиявий ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботга кўра, компания ушбу даврда 479 млрд сўм соф фойда олган.

Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 251 млрд сўмга ёки 2,1 баробарга кўпайган. Компания фойдаси ўсишига асосий омил сифатида даромад ҳажмининг ортиши ва харажатларни қисқартириш таъсир кўрсатган.

Даромад ҳажмининг ортиши
Хусусан, асосий фаолиятдан тушган даромад 836 млрд сўмга ошиб, 4 трлн 761 млрд сўмга етган. Даромад таркибида таннарх улуши 68,5 фоизни ташкил этган бўлиб, бу 3 трлн 263 млрд сўмга тенг.

Ўтган йилнинг мос даврида эса таннарх улуши 73,6 фоиз бўлган. Бу компания харажат самарадорлигини оширишга эришганини кўрсатади.

Шу билан бирга, операцион харажатлар ҳам қисқарган. 2026 йил биринчи чорагида мазкур кўрсаткич 536 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг шу даврида 637 млрд сўм бўлган.

Давлат бюджетига тўланган солиқ

Компаниянинг давлат бюджетига тўлаган даромад солиғи ҳам ошган. Жорий йилнинг биринчи чорагида 158 млрд сўм даромад солиғи тўланган. Ўтган йилнинг мос даврида бу рақам 104 млрд сўм эди.


Компания активлари

Баланс маълумотларига кўра, компания активлари 1,55 трлн сўмга кўпайиб, 47 трлн 996 млрд сўмга етган. Бунда мажбуриятларнинг 1,07 трлн сўмга ўсиши асосий омил бўлган. Шу билан бирга, компаниянинг 10,4 трлн сўмлик захира капитали ва 4,3 трлн сўмлик устав капитали ўзгаришсиз қолган.

Эслатиб ўтамиз, 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда бир қатор маҳаллий йўловчи поездлари билетлари нархи оширилган эди. «Афросиёб» электропоезди ҳамда «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» йўловчи поездлари учун билетлар нархи ўртача 15 фоизга оширилган.

Компания изоҳ, беришича, тарифлар оширилиши юқори тезликдаги электропоездларга техник хизмат кўрсатиш, эҳтиёт қисмлар хариди, электр энергияси ҳамда эксплуатация харажатларининг ортиши билан боғлиқ. Шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини тўлиқ таъминлаш, халқаро стандартлар даражасида хизмат кўрсатишни сақлаб қолиш ва инфратузилмани мунтазам модернизация қилиш зарурати ҳам инобатга олинган.

Teglar

Mavzuga oid