add

Ўзбекистон U-23 пеналтилар сериясида Хитойга мағлуб бўлди

Bugun 20:331 daqiqa

Олимпия терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтказилаётган Осиё кубогининг чорак финалида Хитойга мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этди.

Ўзбекистон U-23 пеналтилар сериясида Хитойга мағлуб бўлди

17 январ куни 23 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё Кубоги чорак финалида Ўзбекистон U-23 ва Хитой U-23 ўзаро баҳс олиб борди. Беллашув Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги «Prince Abdullah Al Fai Sports Siti» стадионида бўлиб ўтди.

Учрашув илк дақиқаларданоқ шиддатли курашлар билан бошланди. Ҳар икки жамоа ҳам бир неча бор хавфли ҳужумлар уюштирган бўлса-да, ҳисоб очилмади.

Иккинчи бўлим бошида Хитой жамоаси фаолликни оширди. Бироқ қисқа вақт ичида Равшан Ҳайдаров шогирдлари ташаббусни ўз қўлига олди. Ўзбекистон жамоаси бир қатор хавфли вазиятлар яратди, аммо Хитой дарвозабонининг ишончли ҳаракатлари ҳисоб очилишига йўл қўймади.

Асосий вақт 0:0 ҳисобида якунланганидан сўнг қўшимча бўлимлар ўйналди. Экстра таймларда ҳам ҳисоб очилмагач, ғолиб пеналтилар сериясида аниқланадиган бўлди.

Пеналтилар сериясида эса омад Хитой жамоаси томонида бўлди. Ўзбекистон футболчилари иккита зарбани голга айлантира олмади. Натижада 2:4 ҳисобида мағлубият қайд этилиб, Ўзбекистон мусобақани тарк этди.

Энди Хитой U-23 ярим финалда Ветнамга қарши майдонга тушади ва финалга йўлланма учун курашни давом эттиради.

Teglar

Mavzuga oid