add

Ўзбекистон ва Озарбойжон 2027 йилги FIFA U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарликни расман бошлади

Bugun 16:354722 daqiqa

Президентлар қарорига кўра, Жаҳон чемпионати билан боғлиқ харажатлар 2026–2027 йиллар Давлат бюджети параметрларига киритилади.

Ўзбекистон ва Озарбойжон 2027 йилги FIFA U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарликни расман бошлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2027 йилда Ўзбекистон ва Озарбайжонда бўлиб ўтадиган футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қарорни имзолади. Ҳужжат мусобақани FIFA ва Осиё футбол конфедерацияси талабларига тўлиқ мос ҳолда, юқори савияда ташкил этишга қаратилган.

Қарорга кўра, Жаҳон чемпионатига тайёргарликнинг устувор йўналишлари сифатида инфратузилмани яратиш, иштирокчилар ва мухлислар учун қулай хизматлар ташкил этиш, шунингдек, мусобақа орқали Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш белгиланди. Бу чемпионат мамлакат учун йирик халқаро спорт тадбирларини ўтказиш тажрибасини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Тайёргарлик жараёнларини мувофиқлаштириш учун Бош вазир раҳбарлигида махсус Ташкилий қўмита тузилди. Унинг зиммасига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш, чемпионат ўтказиладиган объектларни замонавий техника ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозлаш, транспорт, виза, тиббий хизмат ва волонтёрлик масалаларини ташкил этиш вазифалари юклатилди.

Шунингдек, чемпионат ўтадиган ҳудудларда узлуксиз ва муқобил электр энергияси таъминоти таъминланади, стадионлар, машғулот майдонлари ва меҳмонхоналар тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилади. «Янги Тошкент марказий футбол ўйингоҳи» FIFA ва OFK'нинг нуфузли мусобақалар ўтказиш талабларига мослаштирилади.

Қарорда молиялаштириш масалалари ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Жаҳон чемпионати билан боғлиқ харажатлар 2026–2027 йиллар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади. Чемпионат кунлари аккредитациядан ўтган шахслар ва ўйин чипталарига эга мухлислар учун жамоат транспортидан, жумладан автобус ва метродан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.

Ахборот қамровини кенгайтириш мақсадида миллий телерадиокомпания ва ахборот агентликларига трансляция лицензияларини олиш, медиа режа ишлаб чиқиш ҳамда мусобақани маҳаллий ва халқаро ОАВда кенг ёритиш вазифалари юклатилди.

Қайд этиб ўтиш керак, худди шундай қарор Озарбойжон Президенти Илҳом Алиев томонидан ҳам имзоланган.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг Vaqt.uzʼга маълум қилишича Ўзбекистон ва Озарбайжон Президентлари томонидан 2027-йилда футбол бўйича У-20 Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорларнинг бир вақтда имзоланиши икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг юксак даражасини яққол намоён этади.

Мазкур қадам Тошкент ва Боку ўртасида спорт ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга, шунингдек, йирик халқаро лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга бўлган ўзаро ишонч ва тайёрликни тасдиқлайди.

У-20 Жаҳон чемпионатининг ўтказилиши Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг халқаро нуфузини ошириш, ёшлар спортини ривожлантириш ҳамда дўстлик, ўзаро англашув ва ҳалол рақобат қадриятларини тарғиб этишга муҳим ҳисса қўшади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мазкур нуфузли мусобақани юқори савияда тайёрлаш ва ўтказиш йўлида халқаро ҳамкорликни изчил қўллаб-қувватлаб боради, деди А.Бурҳонов.

Teglar

Mavzuga oid