add

Ўзбекистон ва Россия самолётлари Қозоғистон осмонида хавфли даражада яқинлашди

Kecha 21:521 daqiqa

Қозоғистон Транспорт вазирлиги жиддий авиация ҳодисаси юзасидан суриштирув бошлади.

Ўзбекистон ва Россия самолётлари Қозоғистон осмонида хавфли даражада яқинлашди

10 январ куни Қозоғистон осмонида Россиянинг «Победа» авиакомпанияси самолёти Uzbekistan Airways авиакомпанияси самолёти билан хавфли даражада яқинлашди. Бу ҳақда Nur.kz хабар берди.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, фавқулодда вазият Чимкент туман диспетчерлик марказининг масъулият ҳудудида қайд этилган. Россиянинг «Победа» авиакомпаниясига тегишли Внуково – Самарқанд йўналишидаги PBD997 рейси ҳамда «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпаниясининг Термиз – Москва йўналишидаги UZB9609 рейси ҳавода бир-бирига хавфли масофада яқинлашган.

Ҳодиса Остона вақти билан эрталабки соат 05:42 атрофида содир бўлган бўлиб, сўнгги сонияларда фожианинг олди олинган.

Қоидаларга мувофиқ, мазкур авиация ҳодисаси текширув ўтказишга ваколатли орган томонидан ўрганилиши лозим бўлган жиддий авиация инциденти сифатида таснифланган.

«Транспорт вазирлиги томонидан жиддий авиация инцидентини текшириш бўйича комиссия тузилмоқда. Текширув муддати, Комиссияни тайинлаш тўғрисидаги буйруқ чиқарилган пайтдан бошлаб текширув натижалари бўйича ҳисобот тасдиқлангунга қадар, агар қўшимча тадқиқотлар ва ишлар талаб этилмаса, одатда уч ойдан ошмайди», - деб хулоса қилган Қозоғистон Транспорт вазирлиги.

Teglar

Mavzuga oid