Ўзбекистонда 150 km/h ҳаракатланиш мумкин бўлган пулли йўллар 2030 йилдан кейин пайдо бўлади
10.10.2025 | 16:485 daqiqa
Бўлажак пулли йўллар тез ва хавфсиз ҳаракатланишни таъминлайди. Ҳукумат тарифлар белгилаш методикасини тасдиқлайди, Транспорт вазирлиги эса йўл ҳақи ставкаларини белгилайди, деди Ўзавтойўл вакили.

Ўзбекистонда пулли автомобил йўлларидан фойдаланиш учун тўлов миқдорини ҳукумат белгилайди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автойўллар қўмитаси бош юрисконсулти Ҳасан Умаров Олий Мажлис Қонунчилик палатаси YouTube каналига берган интервюсида маълум қилди.
Унинг айтишича, қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси тўлов нархини ҳисоблаш методикасини тасдиқлаши, Транспорт вазирлиги эса энг юқори тариф ставкаларини белгилаши кўрсатиб ўтилган. Инвесторлар белгиланган чегара доирасида йўл ҳақини мустақил равишда аниқлай олади.
Ҳасан Умаровнинг таъкидлашича, ҳукумат методикаси икки хил тўлов усулини назарда тутади — тўлиқ масофа учун ёки ҳар бир босиб ўтилган километр учун. Янги қонун кучга киргач, ушбу ҳужжат расман тасдиқланади. Бундай йўллар 2030 йилдан кейин фойдаланишга топширилади.
«Оддий йўлда 100–150 км масофада ҳаракатлансангиз, бир неча радарга дуч келасиз ва ҳар бири учун чегирма билан камида 206 минг сўм жарима тўлайсиз. Шу масофадаги пуллик йўл бўйлаб юриш эса тахминан 100 минг сўмга тушади», — деди у.
«Умумий фойдаланишдаги бепул йўлларда рухсат этилган тезлик 90—110 km/h бўлса, пулли йўлларда 150 км/соатгача ҳаракатланиш мумкин бўлади. [Автомобиль йўллари тўғрисидаги] қонун кучга киргач, йўл ҳаракати қоидаларига қўшимчалар киритилади», — деди қўмита вакили.Мутахассиснинг фикрича, пуллик йўлларда соатига 150 км тезликда ҳаракатланиш фуқароларга вақтни тежаш ва хавфсизликни ошириш имконини беради. Шу билан бирга, бундай трассалар оммавий йўллардаги тиғизликни ҳам камайтиради. Қонунчилик палатаси 23 сентябр куни «Автомобил йўллари тўғрисида»ги қонуннинг янгиланган таҳририни қабул қилган эди. Ҳужжат йўл хўжалиги соҳасига янги механизм ва ҳуқуқий нормаларни жорий этади ҳамда мамлакатда пулли автомагистраллар тармоғини барпо этиш учун ҳуқуқий асос яратади. Пулли йўллар масаласи Ўзбекистонда 2018 йилдан бери муҳокама қилинмоқда. Хусусан, Тошкент–Самарқанд ва Тошкент–Андижон йўналишларидаги трассалар лойиҳалари долзарб ҳисобланади. Ҳ.Умаров бундай йўлларни қуриб, фойдаланишга топшириш учун 5-6 йил зарур бўлишини таъкидлади. Сўнгги маълумотларга кўра, Тошкент–Самарқанд пулли йўлининг техник-иқтисодий асослари якунланган бўлиб, узунлиги тахминан 300 км бўлган магистралда ҳаракат вақти ҳозирги беш соатдан уч соатгача қисқаради.





