add

Ўзбекистонда 2030 йилгача хорижий туристлар сони 20 млн нафарга етказилади

05.01.2026 | 14:152 daqiqa

Ўзбекистон туризмни комплекс ривожлантириб, беш йил ичида халқаро сайёҳлар оқимини сезиларли оширишни мақсад қилмоқда.

Ўзбекистонда 2030 йилгача хорижий туристлар сони 20 млн нафарга етказилади

Ўзбекистон 2030 йилга қадар хорижий туристлар сонини 20 миллионга етказишни режалаштирмоқда. Бу мақсадлар жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган бўлиб, 2026–2030 йилларда туризм соҳасини тизимли ривожлантиришни назарда тутади.

Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йилда мамлакатга ташриф буюрувчи хорижий туристлар сони 12 миллионни ташкил этади. Кейинги йилларда бу кўрсаткич босқичма-босқич оширилиб, 2030 йилга келиб 20 миллионга етказилиши режалаштирилган. Бунинг учун визасиз режимлар, транспорт очиқлиги ва хизматлар сифатига алоҳида эътибор қаратилади.

Ички туризм ҳам фаол қўллаб-қувватланади. «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастури доирасида 2026 йилда 24 миллионта ички саёҳат амалга оширилиши кўзда тутилган. 2030 йилга келиб бу кўрсаткич 25 миллионга етади. Шу билан бирга, зиёрат туризмига ташриф буюрувчилар сони 2026 йилдаги 2 миллиондан 2030 йилга келиб 3 миллионгача оширилади.

Стратегия доирасида туристик инфратузилмани ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгиланган. Хусусий инвестициялар ҳисобига 2026 йилда учта, 2030 йилга келиб эса бешта туристик кластер ташкил этилади. Шунингдек, мамлакат бўйлаб 4 мингта янги меҳмонхона, меҳмон уйлари ва хостеллар барпо этилади.

Транспорт очиқлигини ошириш мақсадида тоғли ҳудудларда 25 та янги йўл қурилиши режалаштирилган. Туристик маршрутларга киритилган туман, қишлоқ ва кўчалар сони эса 2026 йилдаги 100 тадан 2030 йилга келиб 175 тага етказилади.

Туризм хизматлари экспорти 2026 йилдаги 4,8 миллиард доллардан 2030 йилга келиб 6 миллиард долларгача оширилади. Тиббий ва таълим туризми экспорти эса шу даврда 500 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid