add

Ўзбекистонда 6 та чегара божхона пости тугатилади

Kecha 16:252 daqiqa

Божхона маъмуриятчилигидаги ўзгаришлар доирасида қатор постлар ёпилиб, назорат ваколатлари қайта кўриб чиқилмоқда.

Ўзбекистонда 6 та чегара божхона пости тугатилади

Ўзбекистонда божхона маъмуриятчилигини такомиллаштириш доирасида 6 та чегара божхона пости тугатилиши белгиланди. Бу ташқи савдо тартиботларини соддалаштириш ва назорат жараёнларини янада самарали ташкил этишга қаратилган президент фармони бўйича амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, тугатиладиган божхона постлари қаторига «Боботоғ» божхона пункти, «Учтўрғон», «Поп», «Ровот», «Риштон» ҳамда «Бекобод авто» чегара божхона постлари киради. Ушбу пунктлар орқали амалга ошириладиган айрим функциялар бошқа тузилмаларга ўтказилади.

2026 йилдан бошлаб мазкур чегара ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларини кўздан кечириш ишлари синов тариқасида фақатгина чегара қўшинлари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда. Бу орқали такрорий назорат жараёнларини қисқартириш ва ҳаракатни тезлаштириш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, Масофавий электрон декларациялаш тизими фаолияти ҳам қайта ташкил этилади. Хусусан, Андижон, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида жойлашган МЕД божхона постлари фаолияти тўхтатилади. Бу эса электрон декларациялаш жараёнларини марказлаштиришга хизмат қилади.

Тугатилаётган божхона постларидаги штат бирликлари бекор қилинмайди. Улар «Божхона расмийлаштируви маркази»га, шунингдек, иш ҳажми юқори бўлган бошқа божхона постларига ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, ушбу чора-тадбирлар «Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2026 йилдан божхона тўловларида қатор имтиёз ва енгилликлар берилиши ҳақида хабар қилган эдик.

Teglar

Mavzuga oid