
2026 йилдан божхона тўловларида қатор имтиёз ва енгилликлар берилади
Президент фармони билан божхона тўловлари арзонлаштирилиб, тадбиркорлар учун кечиктириб тўлаш ва автоматик расмийлаштирув имкониятлари яратилади.

Ўзбекистонда божхона маъмуриятчилигини янада соддалаштириш ва ташқи савдо жараёнларини тезлаштиришга қаратилган янги ислоҳотлар жорий этилмоқда. Бу бўйича 17 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ПФ–250-сонли фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 мартдан бошлаб товарларни чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда бир қатор имтиёзлар берилади. Жумладан, божхона расмийлаштируви учун ундириладиган божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади. Шунингдек, божхона тўловларини бўлиб-бўлиб ёки кечиктириб тўлашда 14 кунгача фоиз ҳисобланмаслиги белгиланди.
2026 йил 1 майдан товарларни даврий декларация орқали расмийлаштиришда янги тартиб жорий этилади. Унга кўра, божхона тўловларини товарлар республика ҳудудига кириб келганда ҳар бир партия учун алоҳида тўлаш имконияти яратилади. Бу ташқи савдо иштирокчилари учун молиявий юкни босқичма-босқич тақсимлаш имконини беради.
Фармонда автоматик божхона расмийлаштируви қамрови ҳам кенгайтирилди. Божхона органларининг ахборот тизимида хавф аниқланмаган ҳолларда йирик солиқ тўловчилар, давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар импорт қилаётган юклар автоматик тарзда расмийлаштирилади. Шунингдек, тариф ва нотариф чекловлар татбиқ этилмайдиган экспорт юклари ҳам ушбу тартибдан фойдаланади.
2026 йил 1 июндан тадбиркорларга божхона божини 120 кунгача кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Шу билан бирга, божхона тўловларини таъминлашда хавфларни бошқариш тизими натижаларидан келиб чиқиб, пасайтирилган миқдорда таъминот тақдим этиш амалиёти жорий этилади.
2026 йил 1 июлдан божхона аудити доирасида “маслаҳатчи аудитор” тамойили йўлга қўйилади. Унга кўра, тадбиркорга аниқланган камчиликлар ҳақида олдиндан хабар берилиб, уларни мустақил бартараф этиш имконияти яратилади. Шунингдек, божхона назорати натижалари тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини шакллантиришда инобатга олинади.





