Logo

Ўзбекистонда 6 та йирик транспорт-логистика ҳудуди ташкил этилади

Bugun 17:552 daqiqa

Транспорт-логистика тизимини ривожлантиришга ҳар йили 200 миллион доллар имтиёзли кредит ажратилади ва халқаро транзит салоҳиятини ошириш чоралари амалга оширилади.

Ўзбекистонда 6 та йирик транспорт-логистика ҳудуди ташкил этилади © asiaplus

Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика тизимини ривожлантириш ва мамлакатнинг халқаро транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга бағишланган тақдимот билан танишди. Президент матбуот хизматига кўра, мамлакатда олтита йирик транспорт-логистика ҳудудини ташкил этиш таклиф қилинди.

Ўзбекистон ҳудудидан 4 минг километр халқаро транзит йўлаклари ўтади, темир йўл тармоғининг умумий узунлиги эса 4 минг 700 километрни ташкил этади. Айни пайтда Тошкент, Навоий ва Наманганда замонавий транспорт-логистика марказлари ҳамда қуруқлик портлари ривожлантирилмоқда.

Тақдимотда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» ва Трансафғон темир йўли лойиҳалари ишга тушгач, Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлаги шаклланиши, юкларни етказиб бериш муддати эса 8 кунгача қисқариши мумкинлиги таъкидланди.

Янги логистика марказлари

Тақдимотга кўра, Хонобод шаҳри, Ангрен шаҳри, Янгийўл ва Оҳангарон туманлари, шунингдек, Олот ҳамда Термиз туманлари транспорт-логистика соҳасига ихтисослаштирилади. Ушбу ҳудудларда логистика марказларини ташкил этувчи тадбиркорларга ҳар бир ҳудудда 50 гектардан, жами 300 гектар ер майдони ажратиш режалаштирилган.

Логистика лойиҳаларини молиялаштириш учун ҳар йили 200 миллион доллар миқдорида имтиёзли ва паст фоизли кредит линиялари ажратилади. Ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш эса давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Шунингдек, Қибрай ва Термизда божхона терминаллари ҳамда автотураргоҳлар қуриш, Хонободда халқаро темир йўл чегара ўтказиш пунктини ташкил этиш, Янгийўл темир йўл станциясини кенгайтириш ва Оҳангаронда «А» тоифадаги йирик логистика марказини барпо этиш таклифлари кўриб чиқилди.

Транзит салоҳияти ошади

Маълумотларга кўра, Хитой ва Европа ўртасидаги йиллик товар айланмаси 800 миллиард доллар, юк ташиш ҳажми эса 120–150 миллион тоннани ташкил этади. Агар Ўзбекистон қўшимча 15–20 миллион тонна транзит юкини жалб қилса, мамлакат йилига 400–600 миллион доллар даромад олиши, логистика соҳасига 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиши ва 50 мингта янги иш ўрни яратиши мумкин.

Йиғилишда логистика тизимини рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, логистика марказларини «Э-логистика» платформасига улаш, транспорт воситаларини онлайн кузатиш ва чегараларда «ягона тўхташ» тамойилини жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Teglar

Mavzuga oid

Ўзбекистонда 6 та йирик транспорт-логистика ҳудуди ташкил этилади | Vaqt.uz