Ўзбекистонда аҳоли даромадлари ўсишида асосий омил — пул ўтказмалари

26.10.2025 | 15:002 daqiqa

2025 йилнинг 9 ойлик якунларига кўра, аҳоли даромадлари 8,4 фоизга ошди, лекин бу ўсишнинг асосий қисми меҳнат мигрантларидан келаётган пул ўтказмалари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўзбекистонда аҳоли даромадлари ўсишида асосий омил — пул ўтказмалари

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида аҳоли реал даромадлари 8,4 фоизга, жон бошига реал даромадлар эса 6,3 фоизга ўсган. Бу кўрсаткич аввалги чоракларга нисбатан секинлашган бўлса-да, ўтган йилнинг шу давридаги даражадан бироз юқори бўлди, деб ёзмоқда иқтисодчи Отабек Бакиров.

Энг юқори жон бошига даромадлар Тошкент шаҳрида қайд этилган — 52 млн сўм. Энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, бу ерда жон бошига даромад 14,8 млн сўмни ташкил этди. Натижада пойтахт ва Қорақалпоғистон аҳолиси ўртасидаги даромадлар тафовути 3,51 баробарга етди, ўтган йилда бу кўрсаткич 3,32 баробар эди.

Даромадлар ўсиш суръати бўйича етакчи ҳудуд Фарғона вилояти бўлди — бу ерда жон бошига даромадлар 13,4 фоизга ошган.

Отабек Бакировнинг таъкидлашича, бу ўсишнинг асосий сабаби меҳнат мигрантлари томонидан юборилаётган пул ўтказмалари ҳисобланади. Мамлакат бўйича жами даромадларда пул ўтказмалари улуши 21,5 фоизга етган бўлса, Фарғона вилоятида бу кўрсаткич 33,7 фоизгача кўтарилган. Ўтган йилда улар мос равишда 16,9 ва 26,3 фоиз бўлган.

Шу билан бирга, ижтимоий трансфертлар — яъни пенсия ва нафақаларнинг аҳоли даромадларидаги улуши камайишда давом этмоқда. 2025 йил 9 ойлик натижаларига кўра, ижтимоий трансфертлар улуши 8,6 фоизни ташкил этди (ўтган йили 9,6 фоиз). Бу ҳолат ижтимоий ёрдам олувчиларнинг нисбий камбағаллашувига олиб келаётганини таъкидлади иқтисодчи О.Бакиров.

«Ўзбекистон ижтимоий давлат деб эълон қилинганига қарамасдан, ижтимоий қўллаб-қувватлаш кўлами ҳали ҳам етарли эмаслиги кузатилмоқда», дейди мутахассис.

Teglar

Mavzuga oid