
Ўзбекистонда энг кўп туғилиш қайд этилган ҳудудлар маълум қилинди
Ҳудудлар кесимида энг кўп туғилишлар Самарқанд, Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида қайд этилган. Шунингдек, 2025 йилнинг 9 ойида Ўзбекистонда тузилган никоҳлар сони маълум бўлди.

Миллий статистика қўмитасига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида Ўзбекистонда 664,6 минг нафар бола дунёга келди. Бу кўрсаткич мамлакат демографик ўсишининг барқарорлиги сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Ҳудудлар кесимида энг кўп туғилиш Самарқанд вилояти ҳиссасига тўғри келиб, ушбу ҳудудда 80 минг 903 нафар чақалоқ дунёга келган. Иккинчи ўринда Қашқадарё вилояти бўлиб, бу ерда 75 минг 116 та туғилиш қайд этилган. Фарғона вилояти эса 74 минг 614 та кўрсаткич билан учинчи ўринни эгаллади.
Юқори туғилиш кўрсаткичлари қайд этилган бошқа ҳудудлар қаторига Сурхондарё (61 минг 128 та), Андижон (60 минг 131 та) ва Наманган (57 минг 881 та) вилоятлари киради. Шунингдек, Тошкент вилоятида 49 минг 7 та, Тошкент шаҳрида эса 47 минг 703 та туғилиш ҳолати кузатилган.
Қолган ҳудудларда туғилишлар сони нисбатан камроқ бўлган. Хоразмда 33 минг 11 та, Бухорода 32 минг 624 та, Қорақалпоғистон Республикасида 29 минг 523 та ҳолат қайд этилган. Жиззахда 28 минг 484 та, Навоийда 18 минг 594 та ва Сирдарёда эса 15 минг 879 та туғилиш рўйхатга олинган.
Маълумот учун, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакат бўйича жами 177 минг 17 та никоҳ қайд этилган. Ойлар кесимида энг кўп никоҳ сентябр ойига тўғри келиб, ушбу ойда 30 минг 577 та никоҳ тузилган. Август ойида 27 минг 304 та, июл ойида эса 23 минг 861 та никоҳ қайд этилган.





