Ўзбекистонда ҳар учинчи кадастр аризаси рад этилмоқда
Президент Шавкат Мирзиёевга кадастр тизимидаги мавжуд муаммолар ва хизматларни соддалаштириш бўйича янги таклифлар тақдимот қилинди.
© sun'iy intelektПрезидент Шавкат Мирзиёевга «Кадастр» агентлиги фаолиятини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва аҳоли ҳамда тадбиркорларга кўрсатилаётган хизматларни соддалаштиришга оид таклифлар тақдим этилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, сўнгги икки йилда 1 миллион 200 мингдан ортиқ кўчмас мулк объекти хатловдан ўтказилиб, қўшимча 16,5 минг гектар ер ва 49 миллион квадрат метр қурилиш майдони аниқланган. Шунингдек, 270 минг объект кадастр базасига киритилиб, бюджет учун йилига 315 миллиард сўмлик қўшимча солиқ базаси яратилган. Ҳозирда кадастр хизматларининг 90 фоизи онлайн кўрсатилмоқда.
Шу билан бирга, тақдимотда соҳада аҳоли ва тадбиркорларни қийнаётган тизимли муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида кадастр хизматлари бўйича келиб тушган 1 миллиондан ортиқ аризанинг 330 мингтаси, яъни қарийб 30 фоизи рад этилган.
Ортиқча тўсиқлар сақланиб қолмоқда
Тақдимотда аризаларни кўриб чиқиш жараёнининг ҳаддан ташқари мураккаблиги танқид қилинди. Масалан, битта ҳовлини ака-ука ўртасида бўлиш учун тўртта, меросни уч қисмга ажратиш учун эса олтита ариза талаб қилинади. Айрим ҳолларда битта ариза туман, вилоят ва республика босқичларида 30–50 та жараёндан ўтиб, 15–20 кун вақт сарфланади.
Шунингдек, марказлашган қарор қабул қилиш тизими фуқаролар учун қўшимча тўсиқлар яратаётгани таъкидланди. Хусусан, нотурар объект тоифасини ўзгартириш учун вилоят ёки республика даражасидаги идоралар розилиги талаб қилинади.
Бундан ташқари, агентликнинг бошқарув тизими ҳам таҳлил қилинди. Ҳозирги тизимда ходимларнинг 56 фоизи раҳбар ва назоратчилардан, 44 фоизи эса ижрочилардан иборат. 700 дан ортиқ бўш иш ўрни мавжуд бўлиб, ходимларнинг 40 фоизи мутахассислиги бўйича ишламаётгани айтилди.
Янги тартиб
Таклифларга кўра, кадастр хизматлари босқичма-босқич қуйи бўғинга туширилади ва ҳудудий бўлинмалар ваколатлари кенгайтирилади. Республика даражасидаги ходимларнинг камида 30 фоизи туманларга ўтказилади, «Кадастр» палатаси ва хизмат кўрсатиш тузилмалари бирлаштирилади.
Шунингдек, «битта ариза — битта тўлов» тамойили жорий этилиб, кўчмас мулкка ҳуқуқ пайдо бўлганда ариза автоматик шакллантирилади. Бу йилига 1 миллион 200 минг нафар аризачининг вақти ва маблағини тежаш, 200 мингта ортиқча аризани қисқартириш имконини беради. Кўчмас мулк ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш жараёни эса тўлиқ онлайн шаклга ўтказилиб, 10–15 кунлик жараённи бир неча сониягача қисқартириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, ноқонуний қурилиш ихтиёрий равишда бартараф этилганда жавобгарликни енгиллаштириш, кўчмас мулк ҳуқуқини ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаганларга биринчи марта жарима ўрнига огоҳлантириш бериш таклиф қилинди.
Президент мутасаддиларга хизматларни соддалаштириш, ортиқча босқич ва тўловларни қисқартириш ҳамда ходимларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш юзасидан топшириқлар берди.





