add

Ўзбекистонда жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар эълон қилинади

06.01.2026 | 11:152 daqiqa

Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар йиллик соф тушуми БҲМнинг 1 млн баравари ва ундан ортиқ бўлиши ҳамда ходимларининг ўртача йиллик сони 500 нафардан кам бўлмаслиги каби мезонлар асосида аниқланади.

Ўзбекистонда жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар эълон қилинади

Ўзбекистонда жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар тоифаси расман белгиланиб, уларнинг ягона реестри шакллантирилади. Бу Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган тегишли қарор асосида амалга оширилади.

Янги тартибга кўра, жамоат аҳамиятига эга ташкилот сифатида эътироф этилиш учун бир қатор иқтисодий ва ташкилий мезонлар жорий этилди. Хусусан, ташкилотнинг йиллик соф тушуми базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион баравари ёки ундан ортиқ бўлиши ҳамда ходимларининг ўртача йиллик сони камида 500 нафарни ташкил этиши лозим.

Қарор билан юқори ижтимоий ва иқтисодий таъсирга эга бўлган йирик тижорат ташкилотлари учун йиллик молиявий ҳисоботларни Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига мувофиқ тақдим этиш бўйича айрим талаблар енгиллаштирилди.

Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар қаторига акциялари оммавий савдоларга чиқариладиган компаниялар, тижорат ва микромолия банклари, микромолия ва факторинг ташкилотлари, ипотекани қайта молиялаштириш ҳамда кафолатлар бериш ташкилотлари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари киритилди. Шунингдек, инвестиция фондлари ва биржалар ҳам ушбу тоифага мансуб этилади.

Бундан ташқари, активларининг баланс қиймати, йиллик соф тушуми ва дивиденд даромадлари базавий ҳисоблаш миқдорининг бир миллион бараваридан ортиқ бўлган давлат иштирокидаги корхоналар ҳам жамоат аҳамиятига эга ташкилот сифатида белгиланади. Охирги икки йил якунларига кўра ушбу кўрсаткичларга эга ҳамда камида 500 нафар ходим ишлайдиган ташкилотлар ҳам реестрга киритилади.

Белгиланган мезонларга жавоб берадиган ташкилотлар Жамоат аҳамиятига эга ташкилотлар реестрига киритилади. Реестр Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан юритилиб, ҳар йили 1 июлга қадар Ҳукумат портали ягона платформаси ҳамда Очиқ маълумотлар портали орқали жамоатчиликка эълон қилинади.

Teglar

Mavzuga oid