Logo

Ўзбекистонда педофилия учун умрбод қамоқ жазоси белгиланмоқда: қонун иккинчи ўқишдан ўтди

Bugun 19:133 daqiqa

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 14 ёшга тўлмаган боланинг номусига текканлик учун 25 йилгача ёки умрбод қамоқ жазосини кўзда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилди.

Ўзбекистонда педофилия учун умрбод қамоқ жазоси белгиланмоқда: қонун иккинчи ўқишдан ўтди © Фото: Kun.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 14 ёшга тўлмаган боланинг номусига текканлик учун 25 йилгача ёки умрбод қамоқ жазосини белгиловчи, шунингдек, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилинди.

Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигидаги янги нормалар

«Адолат» СДП фракцияси ташаббуси билан киритилган ва 29 сентябрь куни биринчи ўқишдан ўтган ҳужжатнинг иккинчи ўқишга тайёрланган вариантида жазо чоралари янада қатъийлаштирилди. Унга кўра, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан номусга тегиш ва жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун 25 йилгача ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши аниқлаштирилди.

Шунингдек, қуйидаги янги тартиб ва чекловлар жорий этилмоқда:

• Боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан содир этилган жиноятлар учун шартли ҳукм қилиш ва муддатидан илгари шартли озод қилишга оид қоидаларни қўллаш чекланади.

• Вояга етмаганларга нисбатан қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида белгиланмоқда.

• Жинсий зўравонликка учраган вояга етмаганларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тартиблари Жиноят-процессуал кодексида мустаҳкамланди.

• Вояга етмаган гувоҳларни сўроқ қилиш жараёнини видеоёзув орқали қайд этиш мажбурий этиб белгиланди.

• Васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг жараёндаги иштирокига оид қоидалар такомиллаштирилди.

Бундан ташқари, болалар ўртасида тарқатилиши тақиқланган ахборотдан ҳимоя қилиш ва болалар масалалари бўйича комиссиялар қарорларини ижро этмаслик ёки тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича ҳам нормалар киритилди.

Намангандаги ҳолат ва жамоатчилик муносабати

Қонунчиликни кучайтириш бўйича муҳокамалар Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги давлат боғчасининг 5 ёшли тарбияланувчисига нисбатан содир этилган жинсий зўравонликка оид ҳолат фонида кечмоқда.

12 сентябрь куни туман ИИБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (Ўн тўрт ёшга тўлмаган шахсни номусига тегиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этганликда гумонланиб, боғча ходими К.М. ушланган ва унга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Қизчанинг онаси маълум қилишича, тахмин қилинаётган зўравонлик бир неча бор содир этилган бўлиши мумкин ва бола ҳодисадан сўнг боғча ёнидан ўтишдан ҳам қўрқадиган даражада қаттиқ стрессга тушган.

Мазкур воқеа юзасидан 27 сентябрь куни Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, жиноятда фақатгина зўравонлар эмас, балки атрофдаги масъуллар ҳам жавоб бериши шарт.

Унинг қўшимча қилишича, бу каби жиноятлар учун жавобгарликни максимал даражада кучайтириш мақсадида қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда.

«Бўлган воқеани эшитиб, ғазабим ичимга сиғмай кетди. Назаримда, бундай ваҳшиёна жиноятлар учун ўлим жазосини қўллаш керак. Амалдаги қонунчиликда олий жазо кўзда тутилмаган, шу боис жавобгарликни максимал даражада кучайтириш учун қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз... Жиноятчи қонун доирасидаги энг оғир жазога тортилади. Шунингдек, бепарволиги билан бу қабоҳатга йўл очган, норасида болани асрай олмаган барча масъуллар ҳам жазоланади», — деб таъкидлади Саида Мирзиёева.

Teglar

Mavzuga oid