
Ўзбекистонда сувдан фойдаланишни назорат қилиш учун дронлардан фойдаланилади
Суғориладиган ерларда сув исрофини камайтириш ва ҳисоб-китобни аниқлаш учун дронлардан фойдаланишга рухсат берилади.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларида сувдан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш мақсадида суғориш жараёнлари ва сув исрофи учувчисиз учиш аппаратлари орқали Сув хўжалиги объектлари хавфсизлиги ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан мониторинг қилинади. Бу ҳақда президент матбуот ҳизмати хабар берди.
Инспекциянинг ҳудудий бўлинмаларида сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳамда сув истеъмолини назорат қилиш бўйича махсус бўлимлар ташкил этилади. Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувларда ёнкамералардан фойдаланиш амалиёти жорий қилинади, бу эса жараён шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Сув тежовчи технологиялардан мақсадли фойдаланиш устидан назорат ҳам кучайтирилади. Агар субсидия ажратилган ер майдонларида томчилатиб ёки бошқа замонавий усуллар ўрнига анъанавий суғориш қўлланилса, бу сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш сифатида баҳоланади.
«Сув ҳисоби» ахборот тизими
Шоли етиштириладиган ва балиқчилик хўжаликлари жойлашган ерларда «ақлли» сув ўлчаш ва ҳисоблаш ускуналари ўрнатилади. Ушбу ускуналар «Сув ҳисоби» ахборот тизимига интеграция қилиниб, сув сарфини аниқ ҳисоблаш имконини беради.
Фермерларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида «Сувхўжаликназорат» инспекциясига сув тежовчи технологиялар билан боғлиқ низолар юзасидан судларга мурожаат қилишда давлат божидан озод этиш таклифи илгари сурилди.
Сувчилар мактаби
Шунингдек, кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Сувчилар мактаби» лойиҳаси доирасида жорий йилда 10 минг нафар фермер хўжаликлари ходимлари ўқитилади, 358 нафар мутахассис хорижда малака оширади.
Бундан ташқари, сув тежовчи технологияларни ўз маблағи ҳисобидан жорий этган ташаббускорларга янги субсидия тизими татбиқ этилади. Унга кўра, субсидиянинг 50 фоизи лойиҳа бошланишидан олдин ажратилади.





