add

Ўзбекистонда уй-жой савдоси 13,2 фоизга ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, 2025 йил ноябр ойида Ўзбекистонда уй-жой олди-сотдиси 13,2 фоизга ошган, ижара нархлари эса ўсишда давом этмоқда.

Ўзбекистонда уй-жой савдоси 13,2 фоизга ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2025 йил ноябр ойи учун Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги асосий тенденцияларни баҳолаш натижаларини эълон қилди. Унга кўра, мамлакат бўйича уй-жой олди-сотди шартномалари сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,2 фоизга ошиб, 25 мингта битимни ташкил этган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори йиллик ўсиш Бухоро, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда уй-жой бозори фаоллиги мос равишда 35,4 фоиз, 26,5 фоиз ва 21,7 фоизга ошган. Республика бўйича барча битимларнинг қарийб 30 фоизи пойтахт ҳиссасига тўғри келиб, ноябр ойида Тошкент шаҳрида уй-жой савдоси ҳажми йиллик ҳисобда 8,8 фоизга ўсган.

Иккиламчи уй-жой бозоридаги ҳолат

Иккиламчи уй-жой бозорида республика бўйича нархларнинг ўртача 7 фоиз атрофида мўътадил ўсиши кузатилган. Нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сурхондарё, Жиззах ва Наманган вилоятларида қайд этилган бўлиб, ушбу ҳудудларда ўртача ўсиш 17 фоизни ташкил этган.

Тошкент шаҳрида эса бозор сегментлари ўртасида фарқ кузатилмоқда. Йиллик ҳисобда пойтахтда иккиламчи уй-жой нархлари ўртача 0,9 фоизга пасайган. Энг катта пасайиш Мирзо Улуғбек ва Яшнобод туманларида қайд этилган. Шу билан бирга, бирламчи уй-жой бозорида нархлар 4 фоизга ўсиб, энг юқори ўсиш Яккасарой, Мирабод ва Мирзо-Улуғбек туманларида кузатилган.

Пойтахтда ижара бозори

Ноябр ойида Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи бир квадрат метр учун 8,7 долларни ташкил этди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга юқори.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 11 доллар. Шунингдек, ижара нархлари Мирзо Улуғбек, Мирабод ва Бектемир туманларида йиллик ҳисобда ўртача 8 фоиз атрофида ошиш қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid