
Ўзбекистонликлар 1 йилда соғлиқни сақлаш хизматларига салкам 20 трлн сўм сарфлади
2025 йилда аҳоли тиббий хизматларга рекорд миқдорда маблағ йўналтириб, мазкур хизматлар ҳажми сезиларли даражада ўсди.

2025 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 19,9 трлн сўмни ташкил этди. Миллий статистика қўмитаси маълумотлари ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 14,2 фоизга ошганини кўрсатмоқда.
Ҳудудлар бўйича етакчилар
Ҳудудлар кесимида энг катта улуш Тошкент шаҳрига тўғри келиб, пойтахтда тиббий хизматлар ҳажми 9,1 трлн сўмни ташкил этди. Бу республика бўйича умумий кўрсаткичнинг қарийб ярмига яқиндир. Тошкент вилоятида мазкур кўрсаткич 2 трлн сўмга етди.
Самарқанд вилоятида соғлиқни сақлаш хизматлари 1,5 трлн сўм, Фарғона вилоятида 1,3 трлн сўмни ташкил қилди. Наманган ва Андижон вилоятларида эса ҳажм мос равишда 900,9 млрд ва 884,8 млрд сўм даражасида қайд этилди.
Қуйи кўрсаткичли ҳудудлар
Қашқадарё, Бухоро ва Хоразм вилоятларида тиббий хизматлар ҳажми 678–785 млрд сўм оралиғида бўлди. Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида бу кўрсаткич 500 млрд сўм атрофида қайд этилди.
Энг паст ҳажмлар Сирдарё вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятига тўғри келиб, бу ҳудудларда соғлиқни сақлаш хизматлари 327–360 млрд сўм атрофида шаклланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш ва соҳада 20 та сунъий интеллект лойиҳасини ишга тушириш орқали хизматлар сифати ҳамда бошқарув самарадорлигини ошириш режалаштирилгани ҳақида хабар бергандик.


