
Ўзбекистонликлар асосан қайси хорижий давлатларда ўқишмоқда?
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароларининг энг кўпи Россияда таълим олишяпти. АҚШ, Британия, Германия ва Корея каби мамлакатларда ҳам кўплаб ўзбекистонликлар таҳсил олмоқда.

2025 йилнинг январ–ноябр ойларида жами 27,8 минг нафар Ўзбекистон фуқароси ўқиш мақсадида хорижий давлатларга сафар қилган. Миллий статистика қўмитасига кўра, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 6,7 минг нафарга ёки 19,3 фоизга камайган.
Қайд этилишича, таълим мақсадида энг кўп сафар қилинган давлат сифатида Россия етакчиликни сақлаб қолмоқда. Ҳисобот даврида 6 235 нафар ўзбекистонлик айнан шу мамлакатни танлаган. Иккинчи ўринда Тожикистон жой олган бўлиб, у ерга 5 943 нафар фуқаро ўқиш учун борган.
Кейинги ўринларда Қирғиз Республикаси (4 219 нафар) ва Жанубий Корея (3 410 нафар) қайд этилган. Бу давлатлар географик яқинлик, таълим харажатларининг нисбатан арзонлиги ва ўқиш шартларининг қулайлиги билан ажралиб туради.
Шунингдек, Туркия 2 381 нафар талаба билан бешинчи ўринни эгаллаган. Хитойда эса 1 231 нафар, Қозоғистонда 1 074 нафар ўзбекистонлик таълим олмоқда.
Европа ва Ғарб давлатлари орасида Буюк Британия 870 нафар талаба билан етакчи ҳисобланади. Ундан кейин Германия (384 нафар) ва АҚШ (333 нафар) жой олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ, Буюк Британия, Италия, Корея, Хитой каби мамлакатлардан кўплар кишилар Ўзбекистонга таълим олиш мақсадида келишгани ҳақида хабар бергандик.





