Ўзбекистонликлар ёзнинг навбатдаги ҳафтасини ҳам жазирамада ўтказади
Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати 45 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Айрим ҳудудларда чанг-тўзонлар кузатилиши мумкин.

Ўзгидромет маълумотига кўра, 21 июл куни мамлакатнинг барча ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол асосан шарқдан 7–12 m/s тезликда, баъзи жойларда 13–18 m/s гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин..
Ҳарорат мамлакат бўйича +38...+43 даража атрофида бўлади, мамлакатнинг жанубий ҳудудларида эса +44...+45 даражагача етиши мумкин. Тошкент шаҳрида ҳаво бироз булутли бўлиб, шамол шарқдан 3–8 m/s тезликда эсиши, ҳарорат эса +39...+41 даража атрофида бўлиши кутилмоқда.
Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳам ҳаво бироз булутли, айрим жойларда ўзгарувчан бўлиб, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол 13–18 m/s гача кучайиши мумкин. Ҳарорат эса +30...+35 даража атрофида бўлади.
22 июл куни ҳам мамлакат бўйлаб иссиқ об-ҳаво сақланиб қолади. Хусусан, Тошкент шаҳрида кундузи +40...+42 даража, кечаси +24...+26 даража бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида чанг-тўзонлар кузатилиши эҳтимоли бор. Жанубда, яъни Қашқадарё ва Сурхондарёда эса кундузи +45 даражагача иссиқ бўлиши мумкин.
23–26 июл кунлари ҳам об-ҳаво деярли ўзгармайди. Энг юқори ҳарорат жанубий вилоятларда +43 даража, Марказий ва Ғарбий ҳудудларда +41...+42 даража атрофида бўлади.





