Ўзбекистоннинг IT-визаси: энди у олимлар ва стартапчиларга ҳам берилиши мумкин

Kecha 18:002 daqiqa

Ўзбекистон Адлия вазирлиги ахборот технологиялари соҳасидаги хорижий инвесторлар, мутахассислар ва ўқитувчиларга IT-виза бериш тартибини такомиллаштирувчи янги қоидаларни тасдиқлади. Янги таҳрирдаги ҳужжат даъвогарлар доирасини кенгайтириш билан бирга, инвесторлар учун аниқ молиявий талабларни белгилаб берди.

Ўзбекистоннинг IT-визаси: энди у олимлар ва стартапчиларга ҳам берилиши мумкин

Янги қоидаларга кўра, IT-виза олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаси сезиларли даражада кенгайтирилди. Энди нафақат дастурчилар, балки соҳадаги бошқарувчилар ва илмий ходимлар ҳам бу имкониятдан фойдаланиши мумкин.

IT-виза кимларга берилади?

Янги тартибга мувофиқ, қуйидаги шахслар IT-виза олиши мумкин:

Хорижий инвесторлар ва IT-мутахассислар: соҳага сармоя киритган ёки юқори малакага эга мутахассислар;

IT-парк резидентлари раҳбарияти: технопарк резиденти мақомига эга компанияларнинг таъсисчилари, ижро органи раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;

Стартап лойиҳа иштирокчилари: рақамли стартаплар дастурида қатнашаётган лойиҳа таъсисчилари ва мутахассислари;

Олимлар ва профессорлар: IT соҳасида номзодлик, PhD ёки фан доктори (DSc) илмий даражасига эга бўлган ва олий таълим муассасаларида фаолият юритаётган хорижий ўқитувчилар.

Янги молиявий талаблар

Виза бериш шартларига аниқ молиявий мезонлар киритилди. Хусусан:

Инвесторлар учун: Хорижий инвестор Ўзбекистон резиденти бўлган ва IT соҳасида фаолият юритадиган юридик шахсни камида 30 минг доллар миқдорида молиялаштириши ёки ушбу суммадаги улушга эга бўлиши керак.

Технопарк таъсисчилари учун: Юридик шахс уставидаги улуши камида 30 минг долларни ташкил этиши лозим.

Ушбу ўзгаришлар мамлакатга юқори малакали кадрларни жалб қилиш, IT-таълим сифатини ошириш ва соҳага киритилаётган хорижий инвестициялар оқимини кўпайтиришга қаратилган. IT-виза эгалари учун Ўзбекистонда яшаш ва ишлаш, шунингдек, тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш бўйича қатор имтиёзлар сақланиб қолади.

Teglar

Mavzuga oid