Ўзбекистоннинг Саудиядаги элчихонаси ватандошларни парвозлардаги ўзгаришлардан огоҳлантирди
Дипломатик ваколатхона минтақадаги кескинлик сабаб авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидалари ўзгариши мумкинлигини маълум қилди.

Ўзбекистон фуқаролари минтақадаги кескинлик сабабли парвозлар жадвалидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олишга ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси расмий мурожаатига таяниб, «Дунё» ахборот агентлиги маълум қилди.
Саудия Арабистони ҳудудида ички вазият барқарорлигича қолмоқда. Мамлакатда жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ёки махсус чеклов чоралари қайд этилмаган.
Дипломатик ваколатхона маълумотларига кўра, шунга қарамай, минтақада сақланиб қолаётган умумий вазиятдан келиб чиққан ҳолда, парвозлар логистикаси, транзит йўналишлари ва кутиш вақтларида ўзгаришлар юзага келиши мумкин. Бундай ҳолатлар сафар шартлари ва унинг давомийлигига таъсир кўрсатиши, хусусан, парвозларнинг кечикиши, йўловчиларни мажбурий равишда бошқа рейсга ўтказиш ёки парвоз йўналишининг ўзгаришига олиб келиши эҳтимоли мавжуд.
«Минтақада сақланиб қолаётган кескинлик ҳамда ҳаво қатновлари фаолиятида даврий равишда юзага келаётган ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, хорижий давлатларга сафарларни режалаштиришда авиарейслар жадвали, парвоз йўналишлари ва транзит қоидаларига киритилиши мумкин бўлган ўзгаришларни ҳисобга олишингизни сўраймиз», — дейилади элчихона мурожаатида.
Хавфсизлик талаблари ва тақиқлар
Элчихона Саудия Арабистонида бўлиб турган ёки ушбу мамлакатга боришни режалаштираётган ўзбекистонликлар учун қатор қатъий тавсияларни ишлаб чиққан. Унга кўра, фуқаролардан қуйидагиларга амал қилиш талаб этилади:
• Саудия Арабистони ва Яман ўртасидаги чегара ҳудудларига яқинлашмаслик;
• Хавфсизлик масалалари бўйича маҳаллий ҳокимият органларининг кўрсатмаларига қатъий риоя қилиш;
• Ҳарбий объектлар ва турли ҳодисалар оқибатларини тасвирга олмаслик;
• Текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик ва фақат расмий ахборот манбаларидан фойдаланиш;
• Шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни доимо ўзи билан олиб юриш.
«Барчани эҳтиёткорликка риоя қилиш ҳамда тинчлик ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилишга чақирамиз», — дея қўшимча қилинган хабарда.
Дипломатик ваколатхоналар билан алоқа
Элчихона зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги дипломатик ваколатхоналари билан боғланиш имконияти мавжудлигини эслатиб ўтган.
Мурожаат учун алоқа воситалари:
Ўзбекистоннинг Ар-Риёддаги элчихонаси:
Телефон: +966 11 263 52 23 (Консул: Шухрат Ибрагимов)
Telegram / WhatsApp: +966 56 721 77 31
Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси:
Телефон: +966 12 607 72 50 (Консул: Азимжон Кобилжонов)
Telegram / WhatsApp: +966 59 439 08 50
Минтақада нима бўлмоқда?
Саудия Арабистонидаги авиақатновларга таъсир қилаётган вазият Ямандаги қуролли можаро ва Яман ҳудудида фаолият юритаётган ҳусийлар гуруҳининг Саудия Арабистонига ҳужумлари билан боғлиқ. 2026 йил октябрь ойи бошида ҳусийлар ва Саудия Арабистони қўллаб-қувватлаётган Яман ҳукумати кучлари ўртасидаги тўқнашувлар янада кучайди. Ҳусийлар Саудия Арабистонининг аэропортлари ва бошқа инфратузилма объектларига зарбалар берганини маълум қилди. Саудия томони эса ҳужумларга жавобан Ямандаги ҳусийлар позицияларига ҳаво зарбаларини берди. Бу ҳаракатлар минтақадаги ҳарбий кескинликни янада оширди.
Риёд аэропортига ҳужум ва парвозлардаги ўзгаришлар
8 октябрь куни Саудия Арабистони пойтахти Риёддаги Халид қирол номидаги халқаро аэропорт ҳудуди ва Saudi Airlines авиакомпанияси самолётига ҳужум қилинди. Саудия фуқаролик авиацияси органининг 9 октябрдаги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида уч нафар Саудия фуқароси ҳалок бўлган, бир неча киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида авиакомпания ходими ҳам бор. Самолётга ҳам моддий зарар етган. Ҳусийлар аэропортга баллистик ракета билан ҳужум қилганини билдирган.
Ҳодиса авиақатновларда жиддий узилишларга сабаб бўлди. Associated Press агентлигининг 9 октябрдаги хабарига кўра, шу куннинг иккинчи ярмига қадар Риёдга ва у ердан амалга ошириладиган камида 124 та рейс бекор қилинган, бир кун аввал эса яна юзлаб рейслар бекор қилинган эди.
Air India авиакомпанияси Риёдга парвозларини 10 октябргача тўхтатганини билдирган. Lufthansa Group таркибидаги авиакомпаниялар эса Риёдга рейсларини 16 октябргача тўхтатишини маълум қилган. Pakistan International Airlines ҳам Саудия пойтахтига парвозларни тўхтатган.





