Logo

«Ўзбекнефтгаз»да пасайиш: газ қазиб олиш йиллик режадан ортда қолмоқда

Bugun 22:202 daqiqa

Ўзбекистонда табиий газ қазиб олиш сўнгги йилларда камайган. «Ўзбекнефтгаз»нинг 2026-йил якуни бўйича прогнози ҳам компанияда ишлаб чиқариш ўтган йилга нисбатан тушишини кўрсатмоқда.

«Ўзбекнефтгаз»да пасайиш: газ қазиб олиш йиллик режадан ортда қолмоқда © Foto: O‘zbekneftgaz

2026-йилнинг январ–сентябр ойларида «Ўзбекнефтгаз» компанияси ва унинг таркибидаги корхоналар қарийб 17 млрд куб метр газ қазиб олди. Бу ҳақда компания бошқаруви раисининг молия, трансформация ва хусусийлаштириш бўйича биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида айтди.

Газ қазиб чиқариш қарийб 10 фоизга пасаяди

Сўнгги йилларда кўрсатигичлар пасайиб бормоқда. Компания 2024-йилда 27,06 млрд куб метр табиий газ қазиб олган. 2025-йилда эса бу кўрсаткич 25,2 млрд куб метрни ташкил этган. 2026-йил якунида эса 22,8 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқариш режалаштирилган. Бу ўтган йилгидан 9,5 фоизга, 2024-йилга нисбатан эса 15,9 фоизга кам.

1



Йил бошида кўрсаткични ошириш вазифаси қўйилганди

Газ қазиб олиш ҳажмининг қисқаришига қарамай, йил бошида «Ўзбекнефтгаз»га ишлаб чиқаришни ошириш вазифаси қўйилган эди.

2026-йилнинг январ ойида компанияга кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 млн куб метрдан 70 млн куб метргача ошириш ҳамда йил давомида камида 25,4 млрд куб метр табиий газ қазиб олиш вазифаси белгиланган.

Қазиб олишни ошириш учун нима қилинмоқда?

2026-йилнинг бошидан буён бешта янги газ кони очилгани, январ–сентябр ойларида 80 та қудуқ бурғилангани ва йилнинг тўртинчи чорагида яна 40 та қудуқ бурғилаш режалаштирилаётгани маълум қилинган.

Мамлакат бўйича ҳам қазиб олиш камайган

2024-йилнинг январ–август ойларида мамлакатда 30,1 млрд куб метр табиий газ қазиб олинганди. 2025-йилда бу кўрсаткич 28,9 млрд куб метргача тушган, 2026-йилнинг дастлабки саккиз ойида эса 24,2 млрд куб метрни ташкил этган.

Сўнгги икки йилда қисқариш тенденцияси кучайиб, газ қазиб олиш ҳажми қарийб 5,9 млрд куб метрга камайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Россия ва Туркманистондан табиий газ импортини 15,2 фоизга ошириб, унинг умумий қийматини 1,21 млрд долларга етказгани ёзган эдик.

Камрон Ҳасанов

Teglar

Mavzuga oid