Пандемиядаги кўрсаткичлар: эскроу тизими бозорга қандай таъсир қилди?
Янги тизим жорий қилингач, апрель ойида кўчмас мулк савдоси 3,2 баробарга, автомобил савдоси 4,7 баробарга пасайиб кетди.
© Getty Imagеs2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда кўчмас мулк ва автомобил олди-сотдисида янги эскроу тизими ишга туширилди.
Бу тизимни ишга туширилишига асосан мамлакатдаги уйларнинг олди-сотдиси бўйича фирибгарлик сабаб бўлганди. Аҳоли янги қурилаётган уйлар учун “котлавон” ҳолатида пул берар, бироқ уйни вақтида қабул қилиш кафолатланмаганди.
Эскроу — бу харидор ва сотувчи ўртасидаги молиявий муносабатларда учинчи томон, Ўзбекистон милсолида банк иштирок этадиган тизимдир. Унинг асосий вазифаси — томонлар ўртасидаги ишончни таъминлаш ва маблағларни хавфсиз сақлашдан иборат.
Механизм жуда содда, аммо самарали. Аввало харидор ва сотувчи ўзаро келишиб, уй ёки автомобил нархи ҳамда бошқа шартларни белгилаб олади.
Шундан сўнг харидор банкка мурожаат қилиб, махсус эскроу ҳисобварағини очади ва пулни шу ҳисобга жойлаштиради.
Муҳим жиҳати шундаки, бу маблағ тўғридан-тўғри сотувчига берилмайди — у банкда сақланади ва битим якунланмагунча «музлатилган» ҳолда қолади.
Эскроу тизими узоқ муҳокамалардан сўнг 2026 йил 1 апрелдан бошлаб ишга туширилди. Унга кўра, қуйидаги тўловлар нақдсиз шаклда амалга оширилиши керак:
— давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар;
— электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан фойдаланганлик учун тўловлар;
— алкогол ва тамаки маҳсулотлари савдоси;
— Ёқилғи қуйиш ва электромобилларни зарядлаш хизматлари;
— Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан ташқари 25 млн сўмдан ортиқ товар ва хизматлар савдоси;
— Кўчмас мулк ва 10 йилгача бўлган M, N, О, G тоифадаги транспорт воситалари савдоси.
Янги тизим бозорни қандай ўзгартирди?
Эскроу тизими тўлиқ ишга тушишидан аввал ҳам кўчмас мулк ва автомобил бозорига ўз таъсирини ўтказа бошлади.
Март ойида расмийлаштирилган кўчмас мулк олди-сотди шартномлари сони февралга нисбатан 47 фоизга ошди ва 43,6 мингтани ташкил қилди.

Бу тарихий рекорд кўрсаткич бўлди. 2025 йилнинг мартига нисбатан сотувлар сони 2 баробардан кўпроқ ошди.
Худди шунга ўхшаш ҳолат автомобиллар сотуви билан ҳам содир бўлди. Март ойида енгил автомобиллар савдоси февралга нисбатан 19 фоизга ошди ва 78 мингтага етди. Ўтган йилнинг мартига нисбатан сотувлар 20 фоизга кўпайган.
1 апрелдан бошлаб йўлга қўйилган янги тизимда эса сотувлар сони кескин тушиб кетди.
Марказий банк маълум қилишича, эскроу тизими орқали апрель ойида жами 33 273 та шартнома расмийлаштирилган. Буларнинг 19 660 таси транспорт воситалари олди-сотдиси бўлса, 13 613 таси кўчмас мулк битимлари бўлди.

Натижада, кўчмас мулк сотуви мартга нисбатан 3,2 баробарга камайиб кетди. Уй-жой савдоси Ўзбекистон бўйлаб сўнгги 4 йилда ҳеч қачон 15 мингтадан пасаймаганди.
13,6 мингтадан камроқ уй-жой савдоси 2020 йилнинг апрель ойида, пандемия бошланганда қайд этилганди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Vaqt.uz'га маълум қилишича, барча автотранспорт воситалари савдоси март ойида 93,5 мингтани ташкил қилган.
Эскроу тизимидан кейинги апрель ойидаги умумий автотранспорт олди-сотдиси эса 4,7 баробарга камайиб кетди. Автомобил савдоси ҳам 2020 йил апрели — пандемия давридан бери энг паст кўрсаткичга тушди.
Эскроу тизими жорий этилиши бозор учун қисқа муддатли «совуш жараёнини» юзага келтирди. Пандемия давридаги каби савдолар кескин пасайди — бу эса иштирокчиларнинг янги қоидаларга мослашишга улгурмаганини кўрсатмоқда.





