Logo

Пентагон номаълум учувчи жисмлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга рухсат берди

Bugun 08:002 daqiqa

Кўп йиллик қатъий махфийликдан сўнг, Пентагоннинг амалдаги ва собиқ ходимлари НУЖлар билан боғлиқ сирларни қонуний таъқибларсиз сўзлаб бериш имконига эга бўлди.

Пентагон номаълум учувчи жисмлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишга рухсат берди © Foto: wikimedia

АҚШ Мудофаа вазирлиги (Пентагон) ўзининг амалдаги ва собиқ ходимларига номаълум учувчи жисмлар (НУЖ) билан боғлиқ терговларга оид маълумотларни ошкор қилишга расман рухсат берди. Бу ҳақда «NUR.KZ» нашри маълум қилди.

Хабар қилинишича, мазкур қарор АҚШ президенти Доналд Трампнинг номаълум аномал ҳодисалар билан боғлиқ масалаларда тўлиқ шаффофликни таъминлаш ҳақидаги топшириғига асосан қабул қилинган.

Махсус юридик истисно ва жавобгарликдан озод қилиш

Пентагон амалдаги ва собиқ ходимларга фуқаролик ёки маъмурий санкциялар хавфисиз PURSUE (Аномал ҳодисалар бўйича президент ишчи гуруҳи) вакилларига маълумотларни топшириш имконини берувчи махсус юридик истисно жорий этилганини эълон қилган.

«Бундан олдин ходимлар ошкор қилмаслик тўғрисидаги келишувлар ва махсус дастурларга кириш шартномаларининг стандарт талаблари туфайли эҳтимолий ҳуқуқий жавобгарликка тортилишидан қўрқишган», — дейилади хабарда.

Шунингдек, ходимларда махфий маълумотларга кириш рухсатини йўқотиш ёки маъмурий таъқибга учраш хавотирлари ҳам бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка махсус хизматлари олимларга ўзга сайёраликлар ақл-идроки билан алоқа ўрнатиш ҳолати учун ҳаракатлар режасини тақдим этган эди. Бундай вазиятда Қўшма Штатлар етакчи рол ўйнашни мақсад қилгани билдирилган.

Пентагон нега айнан ҳозир бундай қарорга келган?

Сўнгги йилларда АҚШда НУЖлар билан боғлиқ вазият кескинлашди. Хусусан, 2023 йил ёзида АҚШ Конгрессида собиқ разведкачи Дэвид Груш ва ҳарбий учувчилар иштирокида очиқ эшитувлар бўлиб ўтган эди. Ўшанда Груш АҚШ ҳукуматида қулаган НУЖларни йиғиш ва ўрганиш бўйича ўта махфий дастур борлигини, шунингдек, топилган объектлар ичида «одамга тегишли бўлмаган биологик қолдиқлар» бўлганини даъво қилган.

Шу пайтгача Пентагон ва махсус хизматларнинг кўплаб ходимлари НУЖлар ҳақида гапиришдан қўрқишар эди. Сабаби, улар ишга киришда «Ошкор қилмаслик тўғрисидаги битим» (NDA)ни имзолашган. Бу битимни бузиш ходимни давлат сирини сотганликда айблаб, қамоққа олишга ёки хавфсизлик рухсатномасидан маҳрум қилишга олиб келарди. Янги юридик истисно айнан шу қўрқувни йўққа чиқаради ва инсайдерларга эркин гапириш имконини беради.

Teglar

Mavzuga oid