Порахўр амалдорлар, қаҳрамон бўлган ўзбек мигранти, Қозоғистондан чиқарилган ўзбекистонликлар — ҳафта дайжести.

28.02.2026 | 18:026 daqiqa

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.


Собиқ ҳоким 11 йилга қамалди

Ҳафта ичида аввлроқ катта шов-шув келтириб чиқарган коррупцион вазият бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими пора олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбдор деб топилди. Собиқ ҳоким Маҳмуд Холбўтаев 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

У 2025 йил июн ойида тадбиркордан 30 минг АҚШ доллари миқдорида пора олиб, қўлша тушган эди.

Ҳокимликнинг қурилиш ва коммунал соҳалар бўйича бош мутахассиси тадбиркорнинг ишончига кириб, ер майдонида кўп қаватли уйлар қуришга рухсат олиб бериш эвазига пора талаб қилган.

Сўнгра бош мутахассис ҳокимият биноси олдида туман раҳбари билан учрашиб, 10 минг АҚШ долларини берган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Суд ҳукмига кўра, собиқ ҳоким 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У шунингдек 3 йил муддатга давлат органларида мансаб эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилди. Яна базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари миқдорида жарима тайинланди.
Бош мутахассис ҳам айбдор деб топилиб, 7 йил озодликдан маҳрум қилинди

 

Россия қаҳрамонлик кўрсатган мигрант

Россияда юз берган фавқулодда ҳолат ва унда қаҳрамонлик кўрсатган ўзбекистонлик Хайрулло Ибодуллаев жамоатчилик эътибор марказида бўлди. У Санкт-Петербург шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг 7-қават ойнасидан қулаётган 7 ёшли болакайни қўллари билан тутиб қолиб, уни ўлимдан сақлаб қолди.

Шавкат Мирзиёев ўзбек халқига хос юксак жасорат, қаҳрамонлик ва фидойилик фазилатларини яққол намоён этгани учун Ибодуллаев Хайрулло Сайдуллаевични «Жасорат» медали билан мукофотлади.

Санкт-Петербург шаҳри губернатори Александр Беглов Хайрулло Ибодуллаевни «Қутқаришдаги жасорат учун» кўкрак нишони билан тақдирлади. Шунингдек, унга Россиядаги нодавлат ташкилотларидан бири томонидан 1 миллион рубл пул мукофоти ҳам топширилади.

Хайрулло Санкт-Петербургга Ўзбекистондан тўрт ой аввал келган. Унинг тўрт нафар фарзанди ва бемор ота-онаси Ўзбекистонда қолган. Ибодуллаев оиласини таъминлаш учун ишлаётганини, шунингдек, автомобил сотиб олишни орзу қилаётганини айтган.

 

Покистон Афғонистонга очиқ уруш эълон қилди

Ҳафта якунида минтақадаги энг кескин воқеалардан бири Покистон ва Афғонистон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувлар бўлди. Вазият ҳаво зарбалари ва ўзаро баёнотлардан очиқ ҳарбий қарама-қаршилик босқичига ўтди.

Покистон 27 феврал тунда Афғонистоннинг Кобул ва Қандаҳор шаҳарларига ҳаво зарбалари берди ҳамда «Толибон» ҳукуматига қарши очиқ уруш эълон қилди. Исломобод мазкур ҳаракатни миллий хавфсизликка таҳдидларга жавоб сифатида изоҳламоқда.

Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф мамлакати ҳар қандай тажовузга қарши қатъий жавоб қайтаришга тайёр эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, ватан ҳимояси масаласида муросага ўрин йўқ ва ҳар қандай таҳдид муносиб жавоб билан қарши олинади.

Расмий маълумотларга кўра, ҳужумлар натижасида «Толибон»нинг 27 та ҳарбий пости йўқ қилинган, кўплаб техника воситалари бартараф этилган. Покистон томони юздан ортиқ «Толибон» аъзоси ҳалок бўлганини маълум қилди.

Покистон мудофаа вазири Хаважа Осиф эса дипломатик уринишлар самара бермаганини айтиб, икки давлат ўртасида очиқ ҳарбий тўқнашув бошланганини билдирди.

Сўнгги кескинлик 26 феврал куни «Толибон» кучларининг Исломободга қарши ҳужумидан кейин авж олган. Афғонистон томони ҳам чегара ҳудудларида жавоб амалиётлари бошланганини маълум қилган.

 

4-синф ўқувчисига электромобил

Ёш истеъдод эгаси давлат раҳбари томонидан рағбатлантирилгани ҳам ҳафтанинг муҳим воқеаларидан бири бўлди.

24 феврал куни «Кўксарой» қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан учрашуви чоғида қўшиқ куйлаган Хоразм вилояти Урганч туманидаги 11-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг 4-синф ўқувчиси Отамурод Райимбоевга электромобил берилди. У учрашувда Комилжон Отаниёзов репертуаридан қўшиқни жонли ижрода куйлади.

Президент ижрони юқори баҳолаб, масъулларга ўқувчини рағбатлантириш мақсадида автомобил ажратиш бўйича топшириқ берди.

Совға қилинган «BYD Chazor» автомобили вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов томонидан Отамурод Райимбоевга унинг оила аъзолари ва устозлари иштирокида топширилди.

 

Пора талаб қилган банк мансабдори ушланди

Бу ҳафта яна бир шов-шувли коррупция ҳолати фош этилди. Катта миқдорда пора талаб қилган банк амалдори қўлга олинди.

Тошкент вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи МЧЖда аниқланган 72 млрд 956 млн сўмлик солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни бекор қилдириб беришни ваъда қилган мамлакатдаги етакчи тижорат банкларидан бири амалиёт бошқармаси бошлиғи ўринбосари жиноят устида ушланди.

Тергов маълумотларига кўра, у қарздорликни юқори лавозимдаги танишлари орқали ҳал қилиб бериш эвазига 110 минг АҚШ доллари талаб қилган. Тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган пулнинг 30 минг АҚШ долларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Амалиёт Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган.

Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Суд қарори билан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Сурхондарёда банкомат пулини ўзлаштирган банкирлар ҳам аниқланди. Жарқўрғон туманидаги тижорат банки ходимлари қарийб 400 млн сўмни талон-торож қилганликда гумонланмоқда.

 

Қўқондаги портлаш

Қўқондаги кўп қаватли уйда содир бўлган портлаш бир инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. Ҳодиса 25 феврал куни Қўқон шаҳри Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида содир бўлган ва портлаш ортидан ёнғин келиб чиққан.

Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти маълум қилишича, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Фарғона вилояти ИИБ томонидан олиб борилмоқда ва иш вазирлик назоратига олинган.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида 2007 йилда туғилган фуқаро бетон қоплама босиб қолиши натижасида оғир тан жароҳати олиб, воқеа жойида вафот этган. Портлаш туфайли бир нечта хонадонларга зарар етган.

Ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида тергов-тезкор гуруҳи тузилган. Унга ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов раҳбарлик қилмоқда.

11 феврал куни Андижондаги кўп қаватли уйлардан бирида ҳам газ портлаган эди. Ҳодисада ҳеч кимга тан жароҳати етмаган, фақат мол мулклар зарар кўрган эди.

 

Мирзиёева Тошкент йўлларини назоратга олди

Бу ҳафта Тошкентда транспорт тизими ва йўл ҳаракати назоратида янги босқич бошланди. Саида Мирзиёева шаҳар йўллари ва тирбандликлар устидан шахсан назорат қилишини эълон қилди.

27 февраль куни Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказида Тошкент шаҳридаги тирбандликларни камайтириш, экология ва жамоат транспортини назорат қилиш бўйича тақдимот ўтказилди. Бу ишлар Президентнинг 2025 йил 5 декабрдаги қарорларига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Яқин кунларда «ақлли» светофорлар ўрнатиш, йўлларда стандартларга мос чизиқлар тортиш ва автотураргоҳларни тўғри ташкил қилиш ишлари бошланади. Саида Мирзиёева лойиҳа ижросини тўлақонли назорат қилиб, шаҳар жамоасига муваффақият тилади.

 

Қозоғистондан Ўзбекистонликлар чиқариб юборилди

Бу ҳафта Қозоғистондан миграция қоидаларини бузган 40 нафар Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан чиқариб юборилди. Улар  миграция режимини бузган.

​Маълумотга кўра, улар учун барча хавфсизлик қоидаларига риоя қилинган ҳолда махсус автобус йўналиши ташкил этилган ва фуқаролар Қозоғистон–Ўзбекистон чегарасигача етказилган.

«Биз миграция қонунчилигига риоя этилишини ва чет эл фуқароларининг шаҳар ҳудудида бўлишининг қонунийлигини назорат қиламиз. Аниқланган шахслар миграция режими қоидаларини бузган ва қонунга мувофиқ мамлакатдан чиқариб юборилди.

Бизнинг вазифамиз — шаҳар аҳолиси хавфсизлиги ва жамоат тартибини, шунингдек, Қозоғистон республикаси ҳудудида бўлганларнинг қонунчиликка риоя этилишини таъминлашдан иборат», дея таъкидлади Олмаота шаҳар ИИБ миграция хизмати бошқармаси бошлиғи Еркин Амантаев.

Таъкидланишича, мамлакатдан чиқариб юбориш амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилган ҳолда, ҳар бир шахсни ҳужжатлаштириш ва чегарагача хавфсиз олиб боришни назорат қилиш орқали амалга оширилган.

 

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 33

Barchasi

Mavzuga oid