Португалияда ҳам болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланмоқда

14.02.2026 | 18:302 daqiqa

Португалия парламенти болаларнинг онлайн хавфсизлигини кучайтириш мақсадида ижтимоий тармоқларга кириш ёшини 16 этиб белгилади.

Португалияда ҳам болаларга ижтимоий тармоқлар тақиқланмоқда

Португалия парламенти 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга мустақил киришини чекловчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Янги тартибга кўра, минимал рақамли ёш 16 этиб белгиланди ва 13–16 ёшли ўсмирлар фақат ота-онаси ёки қонуний васийсининг аниқ ва тасдиқланган розилиги билан платформалардан фойдаланиши мумкин. Бу ҳақда Euronews хабар берди.

Қонунга мувофиқ, 13 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлар, хизматлар, ўйинлар ва иловаларда янги аккаунт очиш тақиқланади. 13–16 ёш оралиғида эса шахсни аниқлаш ва фақат унинг ёшини кўрсатиш имконини берувчи махсус механизм жорий этилади. Бу механизм Рақамли мобил калит ёки шу каби идентификация тизими орқали амалга оширилиши мумкин.

Чекловлар Instagram, Facebook ва TikTok каби оммавий платформаларни қамраб олади. Бироқ ота-оналар фарзандлари билан алоқа қилишда фойдаланадиган WhatsApp ушбу рўйхатдан мустасно этилган.

Социалистик партия маълум қилишича, 13–16 ёшли фойдаланувчиларга очиқ бўлган платформалар зўравонлик, эрта жинсий контент, қарамликка олиб келувчи ўйинлар, манипуляция қилинган видео ва тасвирлар таъсирини чекловчи функцияларга эга бўлиши шарт. Назоратни Миллий алоқа органи ва Маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича миллий комиссия амалга ошириши таклиф этилган.

Парламент муҳокамалари давомида айрим мухолифат вакиллари қонун ижроси, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва ёшлар ВПН орқали чекловларни четлаб ўтиши мумкинлиги борасида хавотир билдирдилар. Шу билан бирга, айрим депутатлар ҳужжатни эркинликларни чеклашга қаратилган ташаббус сифатида баҳолади.

Европада ёшлар саломатлиги ва руҳий ҳолатига ижтимоий тармоқлар таъсири ортиб бораётгани фоннида бир қатор давлатлар шунга ўхшаш чораларни кўрмоқда. Франция 15 ёшгача бўлганлар учун чекловларни маъқуллади, Дания, Чехия, Буюб Британия, Италия ва Испанияда эса тегишли ташаббуслар муҳокама қилинмоқда.

Teglar

Mavzuga oid