
«Poytaxt parking» устун музокара кучига эга деб топилди
Рақобат қўмитаси қарорга кўра, пулли автотураргоҳлар бозорида етакчи компания фаолияти қатъий назоратга олинади.

Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра, 2025 йил 22 декабрдан бошлаб «Poytaxt parking» бренди остида иш юритувчи Streetpark Systems МЧЖ умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларида жойлашган пулли тўхтаб туриш жойларидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи хизматлар бўйича устун музокара кучига эга деб эътироф этилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси расмий ахборот берди.
Қарор рақобат муҳитини ҳимоя қилиш ва бозор иштирокчилари ҳамда истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Қонунчиликка мувофиқ, устун музокара кучига эга деб топилган хўжалик юритувчи субъектлар алоҳида ҳуқуқий режим ва қатъий назорат остида фаолият юритади.
«Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддасига асосан, бундай компанияларнинг рақобатни чеклашга ёки истеъмолчилар ҳамда бошқа бозор иштирокчиларининг ҳуқуқларини камситишга олиб келувчи ҳаракатлари қатъиян тақиқланади. Жумладан, бозорда сунъий танқислик яратиш мақсадида хизматлар ҳажмини қисқартириш ёки нархларни асоссиз ошириш мумкин эмас.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг етарли ҳажмда ва лозим даражадаги сифатли хизмат олиш ҳуқуқини чеклаш, шартнома предметига алоқаси бўлмаган мажбурий талабларни қўйиш ҳам қонунга зид ҳисобланади. Хизматлардан фойдаланишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шартнома тузишни асоссиз рад этиш ёки бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришига тўсиқлар яратишга ҳам йўл қўйилмайди.
Қўмита маълумотига кўра, давлат томонидан тартибга солинадиган нархлардан ортиқ ҳақ ундириш, кўрсатилмаган ёки бепул бўлиши керак бўлган хизматлар учун тўлов талаб қилиш ҳам жиддий қонунбузарлик сифатида баҳоланади. Мазкур қарор орқали пулли автотураргоҳлар бозорида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш кўзда тутилган.





