
Президент Жиззах вилоятини ривожлантириш тўғрисида қарор имзолади
Президент қарори билан 2026–2027 йилларда Жиззах вилоятида иқтисодий ўсиш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш чоралари белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг «2026–2027 йилларда Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, ҳудудни барқарор ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш асосий устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Қарорда Жиззах вилояти иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича аниқ кўрсаткичлар белгилаб берилган. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини йиллик ўртача 8,5 фоизга, саноат ишлаб чиқаришни 7,8 фоизга, бозор хизматларини 13,2 фоизга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни 4,6 фоизга ошириш режалаштирилган.
Ижтимоий соҳадаги ривожлантириш
Ижтимоий соҳада эса ишсизлик ва камбағаллик даражасини сезиларли камайтириш кўзда тутилмоқда. 2026 йилда ишсизлик даражасини 3 фоизга, камбағаллик даражасини эса 2,8 фоизга тушириш режалаштирилган. Шунингдек, Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Зомин ва Зафаробод туманларини камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудларга айлантириш мақсад қилинган.
Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш доирасида Бахмал, Ғаллаорол, Зомин, Фориш ва бошқа туманлардаги 57 та боғдорчиликка ихтисослашган маҳаллаларда 5 минг гектар эски боғ ва токзорларни янгилаш белгиланди. Бу орқали маҳсулот ҳажмини ошириш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Шароф Рашидов, Дўстлик, Ғаллаорол, Арнасой ва Зафаробод туманларида 40 та маҳаллани қамраб оладиган 5 та тадбиркорлик маркази ташкил этилади. Қарорга кўра, Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани ўртасидаги 40 гектар бўш ер майдонида Янги Жиззах шаҳри барпо этилиб, унда 1 200 хонадонли 50 та кўп қаватли уйлар қурилади.





