Президент Мирзиёев Ички ишлар органлари ходимларини байрам билан табриклади

25.10.2025 | 16:252 daqiqa

Президент Шавкат Мирзиёев 25 октябр – Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимлари, офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар ҳамда фахрийларга табрик йўллади.

Президент Мирзиёев Ички ишлар органлари ходимларини байрам билан табриклади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимлари, офицер ва генераллар, сержант ва сафдорлар ҳамда фахрийларга табрик йўллади. Давлат раҳбари уларнинг Ватан олдидаги хизматини юксак баҳолаб, тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги фидокорона меҳнатини эътироф этди.

Президент таъкидлашича, сўнгги йилларда ички ишлар тизимини халқчил ва замонавий тузилмага айлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатда барқарор осойишталик муҳитини таъминлашга хизмат қилмоқда. 2025 йилда «Ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш» асосий устувор вазифа этиб белгиланган. Шу доирада хавфи юқори бўлган маҳаллаларда тезкор ёрдам марказлари ва қўриқлаш хизматлари фаолияти йўлга қўйилган.

Мирзиёевнинг сўзларига кўра, рақамли инфратузилмани такомиллаштириш ва сунъий интеллект имкониятларини жамоат хавфсизлигини таъминлашга жорий этиш бўйича ишлар фаол давом этмоқда. «Хавфсиз шаҳар» платформаси, «Ягона мигрант» маълумотлар базаси ва 20 дан ортиқ янги ахборот тизимлари фаолият бошлаган.

Шунингдек, Президент кибержиноятларга қарши курашиш, ёшлар ва мигрантлар билан ишлаш тизимини мустаҳкамлаш ҳамда гиёҳвандликка қарши курашни янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини қайд этди. Унга кўра, Ички ишлар вазирлиги Академиясида «Рақамли технологиялар соҳасида жиноятларга қарши кураш» йўналишида мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилгани муҳим қадам ҳисобланади.

Президент табригида, энг аввало, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган мард ходимларнинг хотирасига ҳурмат билдирилди. Давлат раҳбари ички ишлар тизими ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун замонавий иш шароитларини яратиш ва моддий рағбатни кучайтириш доимий эътиборда бўлишини таъкидлади.

«Ушбу шонли айёмда эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган мард ва жасур соҳа ходимларининг хотирасини ҳурмат билан йодга олиб, уларнинг оилалари ва фарзандларига эзгу тилакларимизни йўллаймиз.

Ҳеч шубҳасиз, ички ишлар органлари ходимларининг меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, замонавий иш шароитлари, зарур техник воситалар билан таъминлаш, малакали кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалалари доимо эътиборимиз марказида бўлиб қолади.

Сизларни бугунги шукуҳли байрам билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик, масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.» — дея табригини якунлаган давлатимиз раҳбари.

Teglar

Mavzuga oid